Мусулмонлар вакцинани Худонинг марҳамати сифатида қабул қилиши, ўз ҳаётини муҳофаза қиладиган омил сифатида қараши керак. Бу ҳақда Халқаро пресс-клубда 13 июль куни бўлиб ўтган анжуманда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари Ҳомиджон Ишматбеков билдирди.
Диний идорага “вакциналар баъзи ножоиз нарсалардан тайёрланаётгани” хусусида мурожаатлар келиб тушаётганини урғулаган мулозим ҳатто шундай бўлган тақдирда ҳам бу ўринда “бир нарсанинг ҳукми бошқа нарсага ўтганидан кейин ўзгаради” деган қоидага амал қилиш кераклигини қайд этди.
“Бу дори бўлганидан кейин дорилик шароитига келгунича унинг асл ҳолати ўзгариб кетади, шунинг учун бу нарсаларга эътибор бериш керак эмас. Мутахассис шуни даво деб тайинладими, демак, бу ҳалол томонга ўтди, деган хулосани беряпмиз”, деди Ҳ. Ишматбеков.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги қайдича, Ўзбекистонда шу кунгача 938 минг 529 нафар киши тўлиқ эмловдан ўтган.