Қозоғистоннинг Киевдаги элчихонаси 5 сентябрь куни Украинада юрган қозоғистонликларга мурожаат қилди.
“Таранглик тобора кучайиб бораётгани муносабати билан ва хавфсизлик мақсадида Қозоғистоннинг Украинадаги элчихонаси Қозоғистон фуқароларига Украина ҳудудини тарк этиш имкониятини кўриб чиқишни тавсия қилади”, дейилган элчихона хабарномасида.
Қайд этилишича, Украинадан Қозоғистонга чиқиб кетиш учун фуқаролар қуруқликдаги йўналишлар – Польша ёки Молдова орқали йўллардан, кейин эса тижорат учоқларидан фойдаланишлари мумкин.
“Польша орқали чиқиб кетиш учун Қозоғистон фуқаролари Шенген визасига эга бўлишлари зарур бўлади. Молдовага кириш учун эса виза керак эмас”, дейилган дипломатлар хабарномасида.
Элчихона Украинадаги барча қозоғистонликларни ҳаво тревогасига эътиборсиз бўлмай, зудлик билан пана жойга йўл олиш, ўз хавфсизлиги чораларини кўриш ва маҳаллий расмийлар тавсияларини бажаришга чақирган ҳамда зарурат туғилганда, алоқа ўрнатиш учун ўз рақамларини қолдирган.
Хабарномада Украина ҳудудида айни пайтда қанча қозоғистонлик борлиги ва улар қайси минтақаларда эканига аниқлик киритилган эмас.
2022 йил октябрида Қозоғистон элчихонаси ўз фуқароларига Украина ҳудудини тарк этиш илтимоси билан мурожаат қилган эди. Ўшанда элчихона ўз мурожаатини “бутун Украина бўйлаб давлат объектлари ва фуқаровий инфратузимага ҳужумлар фаоллашгани” билан боғлаган эди.
2022 йилнинг март ойи охирида Қозоғистон расмийлари Украинадан 900 нафар қозоғистонлик эвакуация қилинганини билдиришган. Уларнинг кўпчилиги Қозоғистонга қайтган.