Россия парламенти раисининг ўринбосари¸ Думадаги етакчи партиялардан бири ЛДПР лидери Владимир Жириновсиий бошчилигидаги делегациянинг Бухоро ва Тошкентга ташрифидан ўзбек зиëлилари ижтимоий тармоқларда норозилик билдиришди.
Мухолифатдаги "Эрк" демократик партияси 29 октябрь куни баёнот тарқатиб, президент Шавкат Мирзиёев, ҳукуматни, парламент ва сенатни Жириновскийнинг Ўзбекистонга "қилиши мумкин бўлган ҳар қандай сафарини абадий тақиқлаш"га чақирди.
Озодликнинг қурултой эшиттиришида қатнашган фаоллар Жириновскийниннг ўзбекистонга келишига нега қаршикларини тушунтириб беришди.
Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди
Ўзбекистон халқ ëзувчиси Жамол Камолнинг Қурултойда айтишича¸ “Жириновский каби майда миллатчининг келишини мунозара қилиб пилигини кўтармаслик керак.”
Ўзбекистон “Эрк” демократик партияси лидери Муҳаммад Солиҳ эса “Биз бу шахснинг тупроқларимизга оёқ босишига қатъиян қаршимиз!” дея билдирди.
Жириновский ўзининг Руминия¸ Болгария ва Германияни ҳақоратловчи баëнотларидан кейин айни давлатларда “исталмаган шахс” деб топилган.
Шу тарзда, Владимир Жириновский ўзбекларни бир неча марта “фақат оғир меҳнат қилишга лойиқ ҳайвонлар”, деб атаган эди.
Сиëсий таҳлилчи Анвар Назирга кўра¸ шу баëнотлари боис Жириновский сўнгги 27 йил мобайнида Ўзбекистонга қадам боса олмаётган эди.
Бундан ташқари Жириновский қозоқ халқига нисбатан ҳақоратли гаплари учун, Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлиги унинг бу мамлакатга киришини номақбул деб топганди.
“Эрк” партияси баëнотида Жириновскийнинг Ўзбекистонга 2 ноябрга режаланган ташрифи “Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг ЛДПР лидерини “исталмаган шахслар” рўйхатидан ўчириб, унинг ўлкамизга киришига изн берган, деган тахминга сабаб бўлмоқда.” дейилади.
Владимир Жириновскийниг ўзи Би-би-си Ўзбек хизматига берган суҳбатида Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги изни билан келгани ва бу сафарнинг туризмга алоқаси йўқлигини таъкидлаган эди.