Доғистон муфтияти фатво бўлими қарори асосида республика ҳудудида ниқобни вақтинча тақиқлаган. Бу ҳақда республика муфтияти телеграм-каналида айтилган.
Аввалроқ фатво бўлими ниқобни ёппасига тақиқлаш учун етарли асос йўқлиги, бироқ бундай тақиқ хавфсизлик мулоҳазасидан келиб чиққан ҳолда муайян маскан учун жорий этилиши мумкинлигини билдирган эди. “Аниқланган хавф-хатар бартараф қилиниб”, янги фатво чиқарилгунига қадар ниқобга вақтинча тақиқ киритилишига Доғистон миллий сиёсат ва дин ишлари бўйича вазирлигининг мурожаати асос бўлган.
Аввалроқ Доғистон муфтийси Аҳмад Абдуллаев “минтақада тўла тинчлик ва осойишталик” ўрнатилгунига қадар ниқобга тақиқ вақтинча чора бўлиши мумкинлиги ҳақида гапирган эди. Муфтий бу чорани коронавирус эпидемияси чоғида киритилган чекловлар билан қиёслаган. Шу тариқа, фатво бўлимининг нуқтаи назари муфтийнинг айтганлари билан кўп жиҳатдан ўхшаш.
Озодликнинг “Кавказ. Реалии” лойиҳаси хабарига кўра, Аҳмад Абдуллаев ниқоб тақиқига оид фатво чиқиши мумкинлиги ҳақида республика раҳбари Сергей Меликовнинг фуқаролик жамияти вакиллари билан учрашуви чоғида билдирганди. Мазкур учрашув 23 июнь оқшомида Маҳачқалъа, Дарбанд ва Москвада черков ва синагогага ҳужумлар ортидан ўтказилган. Бу ҳужумларда иштирок этган шахслар эркак кишилар бўлиб, улар орасида ҳеч ким ниқоб тақмаган эди.
Ниқобга қарши даставвал Доғистон раҳбари Сергей Меликов чиқиш қилган эди. Мулозим бу каби кийим-бош “эркакларга рўмол остига яшириниш, аёлларга эса кенг-мўл рўдапо остида тақиқланган буюмларни ташиш имконини беради”, дея иддао қилган. Шунга ўхшаш фикрни Россия Тергов қўмитаси раҳбари Александр Бастрикин ҳам билдирган.
Бастрикиннинг бу гапига жавобан Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров бу каби баёнотларни беришда “ўта эҳтиёткор бўлиш”га чақирган. Москва жомеъ масжиди бош имоми Илдар Аляутдинов эса ниқобни тақиқлаш Россия жамиятида тарангликка олиб келиши мумкинлигини билдирган.