Доғистон муфтийси Аҳмад Афанди Абдуллаев тез орада республика муфтияти ниқобни тақиқлаш тўғрисида фатво чиқаришини маълум қилди.
“Россия бўйлаб диндор одамларнинг барчаси бу саволга жавоб беришга андиша қилиб туришибди, аммо мен жавоб бераман. Биз ниқобни тақиқлаш тўғрисида фатво чиқарамиз. Ҳақиқат битта бўлади. Қуръонда “ҳақиқат битта, қолгани залолат” дейилган”, дея иқтибос келтирган муфтий сўзларидан Доғистон раҳбари маъмурияти.
Жорий йилнинг 29 июнь куни Россия Тергов қўмитаси раҳбари Александр Бастрикин Санкт-Петербургдаги Халқаро ёшлар юридик форумида чиқиш қила туриб, мамлакат ҳудудида ниқобни “зудлик билан” тақиқлашга чақирган эди. Шундан сўнг у яқинда Доғистонда черков ва синагогага ҳамда Ростов-Дондаги тергов ҳибсхонасига ҳужумни эслаб, уларни “исломчилар, террорчилар” содир этганини айтган.
Бастрикиннинг бу фикрига Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров даррор муносабат билдириб, унга Ислом динини террор билан солиштирмасликни маслаҳат берган эди.
Москва муфтийси ва Москвадаги жомеъ масжиди бош имоми Илдар Алаутдинов РБК нашрига Бастрикин чақириғи юзасидан изоҳ бераркан, ниқобни тақиқлаш россиялик мусулмонларда норозилик кайфиятини юзага келтириши мумкинлигини айтган.
“Бу уринишлар Россия фуқароларига истаган динига эътиқод қилиш, демакки, диний аҳкомларга риоя қилиш ҳуқуқини кафолатловчи Конституция ва дунёвий ҳуқуқ меъёрларини очиқдан-очиқ бузиш сифатида намоён бўлади”, дея таъкидлаган Москва муфтийси.