Доғистон муфтийсининг хотини ва маслаҳатчиси Айна Гамзатова Россия президенти Владимир Путиндан республика аҳолиси учун мобилизацияни ярим йилга кечиктиришни сўради. Гамзатовага кўра, бу муҳлат доғистонликларга ўқув марказларида ҳарбий тайёргарликдан ўтиш учун керак. Бу эътирофи билан у республикадан ҳарбий хизматга чақирилаётганлар Украинадаги жанггоҳларга ҳозирликсиз йўлланаётганини феълан тан олди.
Муфтият телеграм-канали орқали ёйинланган мурожаатномада Гамзатова “Россия Федерацияси субъектлари сони ва 300 минг киши сафарбар қилинажаги эълон қилинганидан келиб чиққан ҳолда” Доғистон ҳам Чеченистон каби мобилизация бўйича режани бажариб бўлганини билдирган.
“Бугунги кунда республикадан жанггоҳларга жанг техникасини ҳам билмайдиган, қурол-аслаҳанинг бирор тури билан ҳам таниш бўлмаган мутлақо тайёргарликсиз ёшлар кетяпти”, дея қўшимча қилган Гамзатова.
Мазкур мурожаатномани шу пайтгача телеграм-канал муштарийларидан 2 минг 200 дан зиёди маъқуллаган.
Путиннинг мобилизация эълони ортидан 25 ва 26 сентябрь кунлари Доғистонда норозилик намойишлари кузатилган. “Кавказ.Реалии” лойиҳаси хабарига кўра, якшанба кунги акция чоғида 120 нафар, душанба кунги акция чоғида эса 130 киши полиция томонидан тутиб кетилган.