Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазири Беҳзод Мусаев “Док-1 Макс” препаратини қабул қилиш оқибатида ҳаётдан кўз юмган 18 нафар боланинг ота-оналарига ҳамдардлик билдириб, тиббиёт ходимлари гўдакларнинг ҳаётини сақлаб қололмагани учун узр сўради.
Самарқандлик масъуллар мазкур маълумотни вазирликдан яширганини иддао қилган мулозимга кўра, ҳодиса ортидан ўз ишига совуққонлик билан ёндашган мутасаддиларнинг барчаси лавозимидан озод қилинган. Вазирга кўра, бу ишга аралашган барча масъул ходимлари қонун олдида жавобгарликка тортилади.
Бу орада Давлат хавфсизлик хизмати матбуот хизмати 18 нафар боланинг ўлими юзасидан ДХХ Тергов бошқармаси томонидан ишга алоқадор кўрилган “Quramax medical” МЧЖ ҳамда “Дори воситаларини стандартлаштириш илмий маркази” МЧЖ мансабдор шахсларига нисбатан Ўзбекистон Жиноят кодексининг 186-3 моддаси 4-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилгани ҳақида маълумот тарқатди. Қайд этилишича, бу иш бўйича гумонланувчи шахслар айни пайтда ДХХ тергов ҳибсхонасида тутиб турилибди.
Ўзбекистонда “Док-1 Макс” препаратини қабул қилгани ортидан 18 нафар бола нобуд бўлгани, қурбонлардан 15 нафарини ёши 3 га ҳам етмаган болалар ташкил этгани ҳақида Озодлик аввалроқ хабар қилган. Болалар ўлимига препарат таркибида мавжуд бўлган “этиленгликоль” моддаси сабаб бўлгани айтилмоқда.
Ҳодиса ортидан Ўзбекистонда “Док-1 Макс” ҳапдориси ва сиропи савдоси 2022 йил 22 декабридан вақтинча тўхтатилганини билдирилган.