“Док-1 Макс” препаратини қабул қилгани ортидан вафот этган болаларнинг оилаларига товон пули тўланиши мумкин. Бу ҳақда 18 январь куни Халқаро пресс-клубда бўлиб ўтган сессия чоғида соғлиқни сақлаш вазирининг ўринбосари Элмира Боситхонова маълум қилди.
Мулозимага кўра, қурбонларнинг яқинларига товон пули дори-дармондан заҳарланиш ҳолати ҳужжат билан тасдиқланган тақдирдагина тўланиши мумкин.
“Ҳозир ҳар бир бола бўйича текширувлар олиб бориляпти”, деган Боситхонова болалар ўлимига “Док-1 Макс” препарати сабаб бўлганига оид иддао шу кунга қадар фақат ота-оналарнинг сўзларидан келиб чиққан ҳолда айтилаётганини қўшимча қилган.
Ўзбекистонда “Док-1 Макс” препаратини қабул қилгани ортидан 20 нафар бола вафот этгани ҳақида Озодлик аввалроқ хабар қилган. Ҳолат бўйича ДХХ Тергов бошқармаси томонидан “Quramax Medikal” МЧЖ ҳамда “Дори воситаларини стандартлаштириш илмий маркази” масъул шахсларига нисбатан жиноят иши очилган.
Кейинроқ мазкур дорини Ҳиндистондан олиб келган “Quramax Medikal” ширкатига берилган лицензия бекор қилинган.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) шу йилнинг 11 январь куни Ҳиндистоннинг Marion Biotech ширкати ишлаб чиқарган “Док-1 Макс” ва “Амбронол” сиропларини ичмаслик борасида тавсия эълон қилган.
“Ўлим сиропи” деб аталган препаратлар таркибида этиленгликоль заҳарли моддаси борлиги тасдиқланиши ортидан Ҳиндистон ССВ Marion Biotech корхоналарида дори ишлаб чиқаришни тақиқлаган, Уттар-Прадеш штати маъмурияти эса ширкатга берилган лицензиянинг амал қилишини вақтинча тўхтатган.