Олий суднинг билдиришича, 1 декабрда Тошкент шаҳар суди “Док-1 Макс” жиноят иши юзасидан жараённи бир ойга тўхтатиш тўғрисида қарор қабул қилди.
Жиноят иши эса “айбловни тўлдириш ва бошқа шахсларни айбланувчи тариқасида иштирок этишга жалб қилиш билан боғлиқ қўшимча процессуал ҳаракатларни амалга ошириш учун тергов органига юборилди”.
Ўзбекистонда камида 65 боланинг ўлимига сабаб бўлган “Док-1 Макс” сиропи юзасидан суд жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судида 11 август куни бошланган эди.
Иш доирасида жами 21 киши, жумладан, Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлигининг собиқ раҳбари, Ҳиндистон фуқароси, “Quramax Medikal” МЧЖ директори ҳамда бошқаларга айблов эълон қилинган. Айбланувчиларнинг 16 нафари эркак ва 5 нафари аёл.
Шу йилнинг январь ойида ДХХ Тергов бошқармаси томонидан “Quramax Medikal” МЧЖ ҳамда “Дори воситалари, тиббий буюмлар ва тиббий техникалар экспертизаси ва стандартлаштириш давлат маркази” мутасаддиларига нисбатан жиноят иши очилганди. “Док-1 Макс” сиропини Ўзбекистонга олиб кирган “QURAMAX MEDICAL” МЧЖнинг лицензияси ҳам 13 январь куни бекор қилинган.
Суд жараёнида мансабдорлар мазкур сиропни Ўзбекистонда махсус текширувларидан ўтказмасдан сотувга чиқарилиши учун камида 33 минг доллар пора бергани аниқланган.