28 ноябрь куни Ўзбекистон президентининг “Валюта сиëсатининг устувор йўналишлари тўғрисида” деб номланган янги қарори лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига қўйилди. Муҳокамалардан сўнг келаси ой охирига қадар қабул қилиниши кутилаëтган бу қарорнинг Ўзбекистонда валюта эркин конвертациясига ўтиш жараëни томон қўйиладиган илк қадам бўлиши тахмин этилмоқда.
“Валюта сиëсатининг устувор йўналишлари тўғрисида”ги президент қарори лойиҳаси¸ унинг илк жумласида ëзилишича¸ “ валюта сиëсатини либерализация қилиш ва такомиллаштириш¸ички валюта бозорини ривожлантириш ва унинг самарадорлигини ошириш, шунингдек, тадбиркорлик субъектларининг ташқи иқтисодий фаолияти учун шарт-шароитларни яхшилаш” мақсадида ишлаб чиқилган.
Ягона интерактив давлат хизматлари порталида ҳозирча фақат рус тилида (Ўзбекистонда давлат тили ўзбек тилидир-таҳр.) мутахассислар¸ шунингдек¸ кенг жамоатчиликка тақдим этилган қарор лойиҳасида валюта сиёсатини либераллаштиришнинг беш асосий устувор йўналиши белгиланган.
Булар:
- "давлат органларининг назорат-чеклаш орқали бошқариш усулларини ҳимоялаш-рағбатлантириш ёндашувига ўзгартириш, бунда хусусий активларни ўз ихтиёрига кўра бошқариш ҳуқуқини амалга оширишни таъминлаш ва қулай инвестицион иқлими ва ишбилармонлик муҳитини яратишни кўзда тутиш;
- республика экспорт салоҳиятини рағбатлантириш, миллий ишлаб чиқарувчиларнинг ички ва ташқи бозорлардаги рақобатбардошлигини ошириш;
- ташқи иқтисодий фаолиятнинг барча иштирокчиларига валюта операцияларин амалга оширишда тенг шароитлар яратиш, бунда алоҳида корхона ёки соҳаларга имтиёз ва преференциялар тақдим этиш амалиётини тақиқлаш;
- миллий валютанинг хорижий валюталарга нисбатан қийматини фақатгина бозор механизмларидан фойдаланган ҳолда ўрнатиш;
- миллий валюта барқарорлигига салбий таъсир кўрсатувчи қонунчилик нормалари ўрнатилишига йўл қўймаслик”.
Ўзбекистон банкларида ишловчи мутахассислардан бирининг Озодликка айтишича¸ бу қарор лойиҳаси ўтган ой мамлакат молия тизимлари ходимлари муҳокамасига ташланган ва улардан 14 декабрга қадар бу лойиҳа юзасидан ўз таклиф-тавсияларини билдириш сўралган.
“Айни ҳужжат эндиликда кенг жамоатчилик муҳокамаси қўйилди ва энди истаган одам ҳукумат порталига кириб¸ ўз фикрини билдириши¸ қўшимча ва тузатишлар тавсия қилиши мумкин”¸ дейди Озодлик манбаси.
Шавкат Мирзиëевнинг “валюта сиëсатини либераллаштириш” мақсадида муҳокамага ташланган қарори лойиҳаси¸ айрим мутахассислар томонидан Ўзбекистонда валюта эркин конвертациясини жорий қилиш томон ташланган илк қадам сифатида баҳоланмоқда.
Озодлик суҳбатлашган банк ходими¸ шундай тахмин ва кутиш Ўзбекистон молия тизими ходимлари орасида ҳам борлигини айтар экан¸ бу ҳақда узил-кесил фикр фақатгина якуний қарор қабул қилингандан сўнг айтилиши мумкинлигини таъкидлайди.
“Ҳозир бу ҳужжат муҳокамада. Албатта¸ ундаги “миллий валютанинг хорижий валюталарга нисбатан қийматини фақатгина бозор механизмларидан фойдаланган ҳолда ўрнатиш” деган гап¸ конвертация очилади¸ деган тахминга йўл очади. Лекин бу бандлар қарор матнида ҳам шундай қоладими¸ ундан нималар олиб ташланиб¸ нималар қўшилади¸ бу ҳақда бир нарса дейишга бир оз эрта. Билишимча¸ қарор 14 декабрдан кейин қабул қилиниб¸ босқичма-босқич ижро 1 январдан бошланса керак”¸ дейди Озодликнинг Ўзбекистон банкларидан бири ишловчи манбаси.
Қарор лойиҳасида ўзбекистонликларнинг банк ва почта ўтказмалари ёки тўлов тизимларидан фойдаланган ҳолда хорижий валюта маблағларини ўтказиши¸ тадбиркорларнинг хорижий шериклари билан ҳамкорликда тўловларни қайси валюта қилишни ўзлари танлаши¸ ҳукумат қарорлари билан ўрнатилган истисноли ҳоллардан ташқари, 10 минг АҚШ долларигача нақд пулдаги хорижий валютани республикадан олиб чиқиб кетиш ҳеч қандай чекловларсиз амалга оширишга рухсат бериш ҳам назарда тутилган.
Ўзбекистон Молия вазирлигининг собиқ мулозими Сапарбой Жубаев¸ ўтмишда ҳам бундай қарорларнинг қабул қилингани¸ аммо валюта сиëсатининг эркинлашиш ўрнига¸ аксинча¸ қаттиқроқ маъмурий назоратга олинганини айтади.
Молиявий таҳлилчи Сапарбой Жубаев билан суҳбат:
Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди