Нархи чекланган импорт дорилар тақчиллиги учун ким масъул?

Президент Мирзиëев фармони билан 7 мартдан бошлаб белгиланган нархда сотиладиган импорт дорилар тақчиллиги кучайиб бормоқда. Озодлик суҳбатлашган хусусий аптекачилар¸ бу тақчиллик учун мамлакат фармацевтика бозорини ўз монополиясига айлантирган "дори мафияси"ни айбламоқда.

Озодликка оддий ўзбекистонликлардан мамлакат аптекаларида кучайиб бораëтган ўта муҳим дорилар тақчиллигига оид шикоятлар келишдан тўхтамаëтир.

"Дорига муҳтожларга "йўқ" дейишдан чарчадим!"

“Халқимизга муҳим дори-дармонларни ким топиб беради? Сальбутамол қаерда бор? Астмалар ўлаяпти¸ ëрдам беринг! Неатон , инфезол 40% растворлари қаерда бор? Неатон мияга қон қуйилганда ишлатиладиган дори, йўқ. Ўзбекистон бўйича чет элдан сотиб олиб кирилаëтган 227 хил дори-дармоннинг нархини чегаралаб куйишди ва хусусий фирмаларни бу жараëндан чиқаришди. Республика "Дори-дармон" компанияси очкўзлик билан фақат ўзимиз олиб кириб сотамиз¸ деб мoнoполия қилди¸ аммо энди сири фош бўлди. Сабаби¸ "Дори-дармон"нинг конвертацияси бор - бир долларни давлат нархида 3800 сўмга айирбошлайди. Хусусий фирмалар эса 1 $ ни биржадан 9700 сўмга айирбошлайди¸ ўртадаги тафовут кўринг!" дейилади Озодликка 26 май куни хусусий аптекачилардан бири юборган мурожаатда.

Бу суҳбатдош¸ Фарғона водийси аптекаларидан ғойиб бўлган муҳим импорт дориларни сўраб кунига ўнлаб¸ юзлаб бемор ва улар яқинларига "йўқ" жавобини беришдан безиб қолганини таъкидлайди.

"Ишонсангиз¸ ўз қариндошим келиб¸ шу дориларни сўраса ҳам топиб беролмайман. Бу дорилар импортини монополия қилган ширкатлар бизга бермаяпти¸ қора бозор нархида олиб кириб¸ сотиш¸ героин сотишдан ҳам катта жиноятга айланган. Налогчи ҳам¸ мелисаю прокурор ҳам ҳар кун аптекада айланаяпти. Бир сўм қимматга сотсам¸ аптекамни ëпишади. Оддий халқ¸ дори йўқлиги учун бизни айблайди¸ "сенлар подприлавка қимматга сотаяпсанлар"¸ деб бизга бақиради. Уларга бу дефицитни кимлар нима учун ўйлаб топганини қандай тушунтирасиз"¸ дейди хусусий аптека эгаларидан бири.

"Дори-дармон" монополиячи эмас!"

Водийлик¸ қолаверса¸ пойтахт Тошкентдаги хусусий аптекалардан айримлари эгаси билан микрофонсиз ўтказилган суҳбатлардан сўнг¸ улар тилга олган дорилар тақчиллиги бор-йўқлигини аниқлаш мақсадида Озодлик мухбири Ўзбекистон фармацевтика бозоридаги етакчи ширкат - "Дори-дармон" акциядорлик компанияси аптекалари билан боғланди.

- Сальбутамол бир неча кун бўлмай қолди¸ лекин ҳозир бор. Неатон йўқ ва қачон бўлиши ҳам номаълум. Инфезол ҳам айрим аптекаларимизда бор¸ деди "Дори-дармон" марказий аптекаси хизматчиси.

Ширкатнинг Ўзбекистонга нархи ҳукумат томонидан чекланган 227 импорт дори-дармонни олиб кириш жараëнига маъсуллардан бири¸ Ўзбекистон бўйлаб бу дорилар тақчиллиги мавжудлигини¸ аввалига инкор этишга уринди.

Аммо Тошкентдаги узилишлар баробарида вилоятлар аптекаларидан бу дориларнинг бутунлай йўқолганига оид аптекачилар шикоятини эшитганидан кейин¸ бундай тақчиллик учун фақат "Дори-дармон" масъул эмаслигини тушунтиришга уринди.

"Ўзбекистон аҳолиси учун 227 турдаги нархи чекланган импорт дориларига қанча эҳтиëж борлигини Соғлиқни сақлаш вазирлиги белгилайди. Вазирлик қошидаги махсус комиссия бу дориларни импорт қилиш бўйича тендер ўтказди ва унда ютиб чиққан 22 та ширкатга бу дориларни давлат курсида конвертация қилиб олиб кириш ваколати берилди. Биз вазирлик сўраган миқдордаги дорини олиб кираяпмиз. Уларни¸ биринчи навбатда¸ касалхоналарга тарқатаяпмиз¸ қолганини аптекаларга. Лекин чекланган миқдорда келгани учун дарров тугаб қолаяпти. Тендерда ютган бошқа хусусий ширкатлардан ҳам сўранг¸ улар қанча олиб кираяпти¸ кимга қандай тарқатаяпти"¸ деди "Дори-дармон" компанияси масъулларидан бири шахси очиқланмаслиги шарти билан.

Конвертацияси бор бошқа фармширкатлар қайси?

Ўзбекистонга чекланган нархда сотиладиган талаб энг катта 227 турдаги дори-дармонни давлат курсида конвертация қилинадиган долларда олиб кирувчи ширкатлардан бири¸ Озодликка маълум бўлишича¸ Асклепий ширкатидир.

Расмий сайтида ўзини 1993 йилдан бери Ўзбекистон фармацевтика бозорини сифатли дори-дармон билан таъминлаб келаëтган ширкат сифатида тақдим этган Асклепий ходими Озодлик билан суҳбатда¸ ширкатнинг 227 турдаги нархи чекланган муҳим дориларни давлат курсидаги валютага импорт қилиш ваколати борлигини тасдиқлади¸ аммо бу дориларнинг кўпчилиги ҳозирда йўқлигини қўшимча қилди:

- Сальбутамол¸ неатон¸ инфезол йўқ ҳозир. Қачон бўлиши ҳам номаълум. Бу дорилар олиб келинаяпти¸ лекин бир кундаëқ сотилаяпти. Янги партия қачон келади¸ билмаймиз¸ деди Асклепий ходими.

"Тақчиллик сабабини давлат тизимлари билан чатишган дори мафиясидан изланг!"

Тошкент ва Фарғона водийсидаги бир неча хусусий аптека эгаси Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда¸ 22 ширкатга президент қарори билан нархи арзонлатилган дориларни давлат курсидаги валютага олиб кириш ваколати берилганига қарамай¸ бозорда тақчиллик кучайиб бораëтгани сабабларини изоҳлашга уринди.

“Бу ширкатлар 227 турдаги дори-дармонни Ўзбекистонга олиб келаман¸ деган асосда сўмни давлат курсида¸ яъни 3800 сўмдан долларга айлантиради. Қанчадир миқдорда дори олиб ҳам киради. Унинг бир қисмини¸ "Дори-дармон" вакили иддао қилгандек¸ касалхоналарга ҳам беради. Касалхонага берилган бу дорилар¸ ҳоким солиқчи¸ прокурор ва уларнинг яқинларига берилмаса¸ оддий халқ больницадан текин дори олганини эсламай қолган. Бу - бир.

Иккинчиси¸ бир қисм дори аптекаларга 5-10 тадан сотилади перечисление билан. Лекин асосий партия¸ устига 15 фоиз откат берадиган 4-5 доричига нақд пулга берилади. Улар ҳам хоҳлаган нархини қўйиб¸ нақд пул берадиган яна ўнта қора бозорчига беради. Шундай қилиб¸ давлат курсида конвертация қилинган долларда олиб келинган дори бозор нархидаги доллардан ҳам қимматга айланиб¸ дори-дармон мафияси қўлига ўтаяпти. Бу дорилар Ўзбекистон ҳудуди¸ айниқса¸ Тошкентда бор¸ фақат аптекадан президент арзонлатган нархга тополмайсиз.

Муаммонинг бошқа қисми¸ "Дори-дармон" ва конвертацияга рухсат берилган қолган хусусий фармацевтика ширкатлари конвертация қилинган долларга ўзи рўйхатдаги дориларни олиб келаяптими¸ йўқми¸ деган саволдир. Улар бир долларни 3800 дан алмаштириб¸ уни шу куннинг ўзида¸ турган жойининг ўзида 8200 сўмдан сотса¸ қанча фойда қилади¸ бир ҳисоблаб кўринг”¸ дейди хусусий аптекачилардан бири Озодлик билан суҳбатда.

Озодлик кун давомида бундай иддаоларга жавоб олиш мақсадида Соғлиқни сақлаш вазирлигининг мамлакатга импорт дориларни олиб кириш учун масъулларини топишга ҳаракат қилди¸ бироқ жараëнга бевосита алоқадор расмийлар билан боғлана олмади.

Озодлик гаплашган вазирлик расмийлари¸ саволларни ëзма шаклда йўллашни тавсия қилди.

Озодлик суҳбатлашган аптекачилар вазирлик расмийларидан "Асосий импорт дорилари тақчиллиги учун ким масъул?" деган саволга жавоб беришни кутмоқда.

“Дори-дармон акциядорлик компанияси ва валюта конвертациясига рухсат берилган бошқа фармацевтика ширкатлари президент қарори ижроси бошлангандан бери Ўзбекистонга 227 турдаги импорт дори-дармондан қанча долларга¸ қанча миқдорда олиб кирди? Бу дори-дармон қачон¸ қайси нархда¸ қайси йўл билан кимга тарқатилди ва сотилди? Вазирлик ана шу саволларга жавоб берсин ва бу олди-бердилар фактураси жамоатчиликка ошкор қилсин. Илтимос¸ ана шу талабимизни Ўзбекистондаги фармацевтика бозоридаги тақчиллик учун масъул бўлган раҳбарларга етказинг”¸ деди Озодлик билан суҳбатда Андижондаги хусусий аптека эгаларидан бири.

Шавкат Мирзиëев 2016 йилнинг 31 октябрида имзолаган "Аҳолини дори-дармон воситалари ва тиббиёт буюмлари билан таъминлашни янада яхшилашга доир чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарор¸ унинг илк жумласига кўра¸ “aҳоли ва тиббиёт муассасаларининг арзон ва сифатли дори-дармон воситалари ҳамда тиббиёт буюмлари билан таъминланганлик даражасини янада ошириш, уларнинг нархини белгилаш бўйича очиқ-ошкора механизмни жорий этиш, мамлакатимизда арзон ва сифатли препаратлар бўлишига қарамасдан ташхис қўйиш ва даволаш стандартларида кўзда тутилмаган ҳамда асосан қиммат импорт дори-дармон воситаларини тавсия этиш каби номақбул амалиётнинг олдини олиш ва келгусида бундай ҳолатларга йўл қўймаслик мақсадида” қабул қилинган эди.

Бу қарор 2017 йилнинг 7 мартидан кучга киргандан кўп ўтмай¸ 227 турдаги импорт дори-дармон воситалари тақчиллиги юзага чиқди.