Жаҳон карате федерацияси чемпионатида Достон Отаболаев Ўзбекистон тарихида илк бор жаҳон чемпиони бўлди

Достон Отаболаев (ўнг томонда) -75 кило тоифасидаги беллашувларда иштирок этган. МОҚ расмий сайтидан олинган фотосурат.

Достон Отаболаев Жаҳон карате федерацияси – WKF томонидан ўтказилган навбатдаги чемпионатда катталар ўртасида жаҳон чемпиони унвонини қўлга киритган биринчи ўзбекистонлик бўлди.

Миллий олимпия қўмитасининг билдиришича, жаҳон чемпионати 16−21 ноябрь кунлари Бирлашган Араб Амирликларининг Дубай шаҳрида бўлиб ўтган.

-75 кило тоифасидаги беллашувларда иштирок этган Достон Отаболаев мисрлик спортчи Абдулла Абдулазизни мағлуб этди.

Дубайдаги жаҳон чемпионатида каратенинг WKF йўналиши бўйича Ўзбекистон терма жамоасининг 15 аъзоси иштирок этган. Ўзбекистон термаси битта олтин медалга эга бўлиб, жамоавий ҳисобда 9-ўринни эгаллади.

Карате узоқ йиллардан бери Олимпия ўйинлари таркибига киритилишга давогарлик қилиб келаётган спорт турларидан биридир. Бироқ унинг Олимпия спорт тури сифатида тан олинишига карате йўналишларининг кўплиги, уларнинг ягона умум қоидага бирлашмагани ва каратечилар ўртасидаги жангларда жароҳатланиш ҳолатларининг кўплиги тўсқинлик қилиб келмоқда.

2020 йилда карате Олимпия спорт тури сифатида тан олинди. Бироқ орадан кўп ўтмай у Олимпия спорт турлари рўйхатидан чиқарилди.