Дума депутати Россияда YouTube 70 фоизга секинлашишини билдирди

Иллюстратив сурат

Россия Давлат думаси депутати Александр Хинштейн кейинги ҳафта охирига бориб мамлакат ҳудудида YouTube видеохостингида видео юклаш тезлиги 70 фоизга пасайишини эълон қилди. Бу ҳақда у ўз телеграм-канали орқали билдирди.

Хинштейн иддаосича, бу каби чоралар фақатгина видеохостингнинг десктоп версиясига тааллуқли бўлади, мобил версияга дахл қилинмайди. Депутатга кўра, Россияда YouTube ишининг сунъий равишда секинлаштирилиши “мажбурий қадам” бўлиб, у ресурс маъмуриятининг “қонунчиликни ҳеч бир жазосиз бузаётгани ва эътиборсиз қолдираётгани” билан боғлиқ.

Содир бўлаётганларнинг ҳаммаси позицияси ғарб нуқтаи назаридан фарқли бўлган жамоат арбобларимиз (блогерлар, журналистлар, артистлар) каналларини босқичма-босқич ўчириб ташлаётган хостингнинг аксилроссия сиёсатининг маҳсули бўлиб ҳисобланади”, дея қайд этган Хинштейн.

Июль ойи бошида YouTube маъмурияти Украинадаги урушни фаол дастаклаб келаётган россиялик қатор қўшиқчи ва артистларнинг каналларини блоклаган. Улар орасида Шаман (Ярослав Дронов), Григорий Лепс, Полина Гагарина, Олег Газманов ва Юлия Чичерина кабилар бор. Блокировкага санкцияларнинг 14-пакети доирасида АҚШ ва Европа Иттифоқи томонидан россиялик қўшиқчиларга қарши киритилган чеклов чоралари сабаб бўлган.

Депутат Хинштейн Россияда Youtube ишининг секинлашишига россиялик расмийларнинг алоқаси бўлганини очиқ-ойдин тасдиқлаган илк расмий шахс бўлди. Аввалроқ муаммолар техник характерга эга экани таъкидланган эди. Бундай иддао, жумладан Кремль матбуот котиби Дмитрий Песков томонидан ҳам тилга олинган.

Россия ҳудудида видеохостинг ишидаги илк узилишлар ҳақида илк бор 11 июль куни хабар берилган. “Ростелеком” ширкати “Google ширкатига тегишли бўлган жиҳозлар ишида техник муаммолар” мавжудлигига оид хабарнома ёйинлаган. “Медуза” нашрининг телекоммуникация соҳасидаги манбаси Россияда расмийлар YouTube ишини чеклашни бошлаган бўлиши мумкинлигини билдирган.

“Газета.ру” нашри эса президент маъмуриятига яқин бўлган ўз манбасидан олинган маълумотга таянган ҳолда, сентябрь ойига бориб Россияда YouTube блокировка қилиниши, июль-август давомида эса “қандайдир деградация кузатилиши, яъни айрим ҳудудларда YouTube иши ёмонлашиб бориши” мумкинлигини иддао қилган.

Россия қўшинлари Украина ҳудудларига кенг кўламли босқин бошлаганидан кейин Россияда қатор ижтимоий тармоқлар ва оммабоп сайтлар блокировка қилинган. Бироқ ўша пайтда YouTube блокланмаган эди. Бу ҳолат, жумладан ҳозирча Россияда мазкур видеохостингга мақбул муқобил сервис йўқлиги билан изоҳланган эди.