Жорий ҳафтада олтмишга яқин афғонистонлик бошпана сўровчи Тожикистондан чиқариб юборилди. Афғонистоннинг Ҳоруғдаги консуллиги вакили 5 декабрь куни бу маълумотни тасдиқлаб, бу одамларнинг ҳаммаси Шерхон-Бандар назорат-ўтказиш маскани орқали Афғонистонга қайтишганини қайд этган.
Исми ошкор этилишини истамаган консуллик ходимига кўра, “бадарға қилинган афғонистонликлар Ваҳдат шаҳри, Рудакий туманида ва Душанбеда яшаб ва ишлаб юрганлар”.
“Уларнинг ҳужжатлари жойида эди, шунинг учун уларнинг мамлакатдан чиқариб юборилиши сабабини билмайман. Афғонистонлик фуқароларнинг кўпчилиги Ваҳдат милицияси ходимлари томонидан қўлга олинган. Аввалига 16 киши, кейин эса яна 40 киши бадарға қилинган”, деган у.
Душанбе яқинида жойлашган Ваҳдат шаҳрида яшаб келган афғонистонлик қочқинлардан бири Рўё Ҳофизий унинг эри Нақибулло Ҳофизий 4 декабрь куни Тожикистондан чиқариб юборилганини маълум қилган. Унинг айтишича, уларга мамлакатдан чиқариб юбориш сабабини ҳеч ким айтган эмас. Бу оила Тожикистонда беш йилдан бери истиқомат қилиб келади.
“Чоршанба куни эрим маҳаллий милиция бўлимида бўлган, сўнгра қўлга олинганларнинг ҳаммаси Душанбега олиб келинган. Кейинроқ эрим чегарадан туриб қўнғироқ қилди. Менинг беш фарзандим бор. Биз ертўлага ўхшаган жойда яшаймиз. Эрим оиламизнинг ягона боқувчиси эди ва энди мен нима қилишимни билмайман”, деган афғонистонлик аёл.
Тожикистон ИИВ матбуот котиби Нусратулло Маҳмадзода Озодликнинг тожик хизматига афғонистонлик фуқаролар мамлакатдан бадарға қилинганидан хабари йўқлигини айтган. Бироқ, унга кўра, “қонунчиликка мувофиқ, Тожикистонда бўлган хорижлик фуқаролар мамлакатда юриш қоидаларини бузган пайтда бадарға қилиниши мумкин”.
Кўп йиллар олдин Тожикистонга ўтиб келган афғонистонлик қочқинлар асосан Душанбе четларида истиқомат қилишади. Айрим маълумотларга кўра, улар сони 10 мингга яқин.
БМТ маълумотларига мувофиқ, 2022 йили Тожикистон расмийлари камида 85 нафар афғон қочқинини мамлакатдан чиқариб юборган. Расмий Душанбе бу жараён юзасидан бирор-бир изоҳ берган эмас.

