Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 22 апрелдан қисқа муддатли меҳнат таътилига чиққан.
Бу ҳақда маълумот тарқатган президент матбуот хизмати мазкур таътил неча кун давом этишига аниқлик киритган эмас.
Мирзиёев таътилдан аввал Тожикистонга давлат ташрифини амалга оширган. Аввалроқ Озодлик 18-19 апрель кунлари Тожикистонга сафар чоғида Ўзбекистон президенти тожикистонлик ҳамкасби Эмомали Раҳмон билан тор доирада ва кенгайтирилган таркибда музокаралар ўтказгани, сўнгра икки давлат ўртасидаги Иттифоқчилик муносабатлари тўғрисидаги шартномани имзолагани, Тожикистон Парламенти қуйи палатаси раиси Маҳмадтоир Зокирзода ва бош вазир Қоҳир Расулзода билан учрашгани, Душанбедаги Ўзбекистон элчихонасининг янги биноси очилишида ҳамда бошқа тадбирларда иштирок этгани ҳақида хабар қилган эди.
Мирзиёев сўнгги марта ўтган йилнинг 4 декабридан қисқа муддатли меҳнат таътилига чиққани эълон қилинган. Ўша пайтдаги таътил президентнинг рафиқаси Зироат Мирзиёеванинг туғилган кунига тўғри келган эди.
Ўзбекистонни 2016 йилдан буён президент ўлароқ бошқариб келаётган Шавкат Мирзиёев илк бор 2019 йил августида меҳнат таътили олгани очиқланган. Бу Мирзиёевнинг 13 йиллик бош вазирлик ҳамда 3 йиллик президентлиги давридаги расман биринчи меҳнат таътили бўлган эди.
“Ўзбекистон Республикаси Президенти фаолиятининг асосий кафолатлари тўғрисида”ги Қонуннинг 4-моддасига биноан, Президентга муддати 36 иш кунидан иборат йиллик ҳақ тўланадиган таътил берилади.
Ўзбекистон Конституциясида президент таътилда бўлганида унинг вазифасини ким бажариши масаласига аниқлик киритилган эмас.
Янги таҳрирдаги Конституциянинг 112-моддасида “Ўзбекистон Республикасининг амалдаги Президенти ўз вазифаларини бажара олмайдиган ҳолатларда унинг вазифа ва ваколатлари вақтинча Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раисининг зиммасига юклатилиши” қайд этилган.