Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотига (ШҲТ) аъзо давлатлар оаҳбарлари 16 сентябрь куни Тожикистонда учрашади. Саммит кун тартибидаги асосий масала – Толибон Афғонистонда ҳокимиятни қўлга киритганидан кейин юзага келган хавфсизлик вазияти.
Ташкилотга Хитой, Ҳиндистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Покистон, Россия, Тожикистон ва Ўзбекистон аъзо бўлиб, Душанбедаги йиғин давомида АҚШ бошчилигидаги халқаро кучлар Афғонистондан олиб чиқиб кетилгани ҳамда Толибон ҳокимиятга қайтгани минтақага қандай таъсир кўрсатиши диққат марказида бўлади.
Бир-биридан кескин фарқ қилувчи ушбу давлатлар расмийлари қай йўсинда муросага эришиши номаълум. ШҲТга аъзо давлатлар Толибон назоратидаги Афғонистон билан қандай муносабатда бўлиш борасида турлича фикрда.
Мавзуга алоқадор Путин КХШТ ва ШҲТнинг Душанбе саммитига бормайди20 йил олдин ташкил топган блок ўзини кўп томонлама ташкилот сифатида кўрсатиб, сепаратизм, экстремизм ва терроризмдан иборат «уч иллатга» қарши курашиб келади. Ташкилотга аъзо авторитар мамлакатлар ушбу таҳдидлар бўйича бир хил қарашларга эга.
ШҲТ, шунингдек, Евросиёнинг ўзгарувчан геосиёсати учун микрокосмга айланган. Хусусан, Пекин ва Москва ташкилотдан минтақада ҳамкорлик қилишнинг янги усулларини топиш ҳамда рақибининг минтақавий амбицияларига тўсқинлик қилиш йўлида фойдаланиб келади.
ШҲТ аъзолари Афғонистондаги вазиятдан чуқур хавотир олар экан, блок қандай йўл тутиши Хитойнинг Евросиёдаги таъсири, шунингдек, блокнинг келажакдаги аҳамияти учун катта синов бўлишини хулоса қилиш мумкин.
Саммит кун тартиби
Йиғин давомида бутун эътибор Афғонистонга қаратилиши кутилмоқда.
Пекин Толибон билан ишчи алоқаларни ўрнатган. Хусусан, Хитой жангари гуруҳ ҳокимиятни қўлга олганини тан олди ва Афғонистонга ёрдам ва вакцина беришга рози бўлди.
Толибон эса Хитойнинг «Бир камар, бир йўл» ташаббусини қўллаб-қувватлади ҳамда Хитой ички таҳдид деб ҳисоблайдиган радикал уйғур гуруҳларга Афғонистонда фаолият юритишга йўл қўймасликка ваъда берди.
АҚШ ва бошқа хорижий қўшинларнинг минтақадан олиб чиқиб кетилгани Хитой ўз таъсирини кенгайтиришига йўл очиб берди, бироқ Пекин қўшни Афғонистондаги хавфсизлик вакууми қаърига тушиб қолмаслик учун эҳтиёткорлик билан йўл тутмоқда.
Бунинг ўрнига, Хитой Марказий ва Жанубий Осиё учун умумий ечим изламоқда ва ўзининг дипломат қудратини кўрсатиш учун ШҲТдан форум ўлароқ фойдаланишга умид қилмоқда.
Аммо бу амалда осон бўлмайди.
Хитойдан ташқари, Россия ҳам Толибон билан алоқа ўрнатишга тайёрлигини кўрсатган. Бундан ташқари, Афғонистон билан чегарадош ШҲТга аъзо мамлакатлар ўртасида қатор муҳим фарқларни бартараф этиш керак бўлади.
Тожикистон толибларга душман бўлиб қолмоқда ва жангари гуруҳ ўз ички хавфсизлигига солаётган таҳдидлардан хавотирда. Ўзбекистон эса чегаранинг нариги томонидаги тартибсизликларга аралашмай, Толибон кўнглини олишга ҳаракат қилмоқда.
Покистон Толибон билан мураккаб динамикага эга. Шундай бўлса-да, Исломобод гуруҳнинг бош ҳомийси бўлиб қолмоқда. Ҳиндистон эса жангариларни Покистоннинг ишончли вакили деб билади ва Толибон ҳукумати Деҳли учун туғдирадиган хатарлардан хавотирда.
Бу каби бир-бирига зид қарашларга эга мамлакатларни муросага келтириш осон бўлмайди. Пекин ШҲТ саммитида қанчалик муросага бора олишига қараб, блок аъзолари Хитой йўл-йўриғига амал қилишга қанчалик тайёр экани ҳақида бир қарорга келиши мумкин.
Саммитда Афғонистон масаласидан ташқари Эронни гуруҳга тўлиқ аъзо ўлароқ қўшиб олиш масаласи ҳам муҳокама қилинади. Саммитда яқинда лавозимига киришган Эрон президенти Иброҳим Раисий қатнашмоқчи.
Блок, шунингдек, жорий ой охирида Россияда терроризмга қарши курашиш ва аъзо мамлакатлар ҳарбийлари ўртасида ўзаро ҳамкорликни оширишга қаратилган ҳаракатлар доирасида қўшма ҳарбий машғулотларни ўтказади.
Саммит нимага эришиши мумкин?
ШҲТ Тожикистон пойтахтидаги йиғинда нималарга эришиши ташкилот учун муҳим саволдир.
ШҲТ 2001 йилда Шанхай бешлиги асосида ташкил этилган. Совет Иттифоқи парчаланиб кетганидан кейин блок чегарадаги низоларни ҳал қилиш учун платформа ўлароқ хизмат қилиши кутилганди. Сўнгги йилларда эса ШҲТ хавфсизлик, иқтисодий ривожланиш ва гуманитар ёрдамга бағишланган кенгроқ кун тартибини қабул қилди.
Аммо блок муайян ютуқларга эриша олмагани учун танқидга ҳам учраб келади. Афғонистон билан боғлиқ муаммолар анчадан буён ШҲТнинг диққат марказида бўлиб келади. Лекин бугунга қадар баъзи қуйи даражадаги учрашувлар ҳамда Афғонистонни ташкилотга кузатувчи сифатида жалб қилишдан бошқа бирор жиддий чора кўрилгани йўқ.
ШҲТнинг қўли боғланиб қолгани қисман атайин кўрилган чоралар натижасидир. Блок асосан Хитой ташаббуси бўлса-да, Россия узоқ вақтдан бери Марказий Осиёни ўз «таъсир доираси»нинг бир бўлаги сифатида кўриб келади. Пекин Москванинг минтақада кучайиб бораётган манфаатларини ҳурмат қила бошлаган. Шу аснода, ШҲТ икки қудратли мамлакат бир минтақада қандай ҳамкорлик қилишини аниқлашга қаратилган тажрибага айланди.
Мавзуга алоқадор Афғонистон Марказий Осиё давлатларининг Россия, Хитой ва АҚШ билан муносабатларини қанчалик ўзгартиради?Сўнгги йилларда Москва ва Пекин ўртасидаги ҳамкорлик кучайганига қарамай, Москва ҳали ҳам Хитойнинг амбицияларидан хавотирда. Шу сабабдан блок доирасида Москва Хитойнинг айрим ташаббусларини қўллаб, қолганларига қарши чиқиб келади.
2017 йилда ШҲТга Ҳиндистон ва Покистон қўшиб олинганини кўплаб кузатувчи Россиянинг блокни заифлаштириш ҳамда ва Хитойнинг таъсирини чеклаш уриниши деб баҳоладилар.
Минтақавий хавфсизлик ҳақида гап борар экан, Пекин ва Москва бир хил фикрлашга мойил, лекин Россия минтақада узоқ вақтдан бери давом этаётган таъсиридан воз кечишга ошиқмаяпти. Афғонистондаги вазият кескинлашгани сари, Россия минтақадаги давлатлар билан ҳарбий ҳамкорликни кучайтирди ва Хитой аъзо бўлмаган Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилоти (ОДКБ) орқали Марказий Осиё давлатлари билан бир нечта қўшма машғулот ўтказди.
Хитойнинг минтақадаги амбициялари
Пекиннинг Евросиёдаги қудрати сўнгги ўн йил ичида кескин ўсди ва ўсишда давом этмоқда. Аммо асосий савол ШҲТга ҳали-ҳануз эҳтиёж бор ёки йўқлигидадир.
Ташкилот аъзолари ўзи учун муҳим бўлган масалаларга эътибор қаратар экан, Хитой ўз таъсирини «Бир камар, бир йўл» каби йирик лойиҳалар орқали кенгайтиришга киришди.
Хитойлик сиёсатчилар ҳали-ҳануз йирик масалаларга кўп томонлама ёндашиш тарафдори бўлиб, Пекин АҚШдан кейин Афғонистонда етакчи ўринни эгаллашга ошиқмаяпти.
Пекиннинг Душанбедаги саммит стратегияси ҳақида Хитой Ташқи ишлар вазири Ван И июль ойида Марказий Осиёга қилган сафари чоғида қисман маълум бўлди.
Ван сафари давомида юқори мартабали амалдорлар билан учрашди. Учрашувлар давомида Афғонистон асосий мавзу бўлди. Маҳаллий расмийлар Хитой раҳбариятига чегара хавфсизлиги ва Афғонистонда биргаликда ишлашни таклиф қилган бўлишса-да, тарафлар бирор аниқ чора кўришга келишиб олмади.