Тожикистон расмийлари Толибон ҳокимиятга келганидан буён Афғонистондан мамлакатга гиёҳвандлик моддалари контрабандаси сезиларли даражада ошганини қайд этишмоқда, дея хабар қилди Озодликнинг тожик хизмати.
Ўтган йили толиблар Афғонистонда кўкнор етиштиришни тақиқлаб, айбдорлар “шариат бўйича" жазоланишини айтишган. Бироқ, БМТ маълумотларига кўра, мамлакатда кўкнор майдонлари кўпайган.
Тожикистоннинг Афғонистон билан чегарадош Мир Саид Али Ҳамадоний тумани расмийларига кўра, сўнгги олти ой ичида давлат чегарасининг фақатгина шу қисмида икки марта қўшни мамлакатдан наркотик контрабандаси олди олинган.
“Отишмада Афғонистон фуқароси бўлган бир контрабандачи йўқ қилинди. 120 кг наркотик мусодара қилинди”, деган туман раҳбари Нурулло Мирзозода.
Охирги марта Афғонистондан Тожикистонга наркотик олиб ўтишга уриниш 12 сентябрга ўтар кечаси Шамсиддин Шохин туманида кузатилган. Тожикистон МХДҚ Чегара қўшинлари бош бошқармаси тожик чегарачилари томонидан аниқланган афғонистонлик контрабандачилар молларини ташлаб, қўшни давлат ҳудудига кириб кетишганини маълум қилган.
Афғонистон билан чегарадош Шамсиддин Шоҳин тумани раиси Зафар Гулзода контрабандачилар ҳаракати ҳақида кўпинча бу масалага бефарқ бўлмаган маҳаллий турғунлар тез-тез хабар бериб туришларини айтган.
Толибон ҳокимият тепасига келганидан кейин Афғонистондан Тожикистонга наркотик оқими сезиларли даражада ошганини президент Эмомали Раҳмон ҳам 14 сентябрь куни Душанбеда бўлиб ўтган Марказий Осиё давлатлари президентлари билан учрашувда айтган эди.
“Рақамлар бу манзарани очиқ тасдиқлаб турибди. Мамлакатимизнинг фақат салоҳиятли идоралари томонидангина ўтган йили Афғонистон билан чегарада 5 тоннага яқин гиёҳванд модда мусодара қилинди. Бу 2021 йилга қараганда 22 фоизга кўпдир. Бундай шароитда биз биргалашиб ҳаракат қилишимиз керак”, деган Тожикистон президенти.
Ўтган йили Афғонистонда кўкнори етиштириш тақиқланганига қарамай, экспертлар Толибон мамлакатда наркотик ишлаб чиқаришни кўпайтирганини таъкидлашмоқда. БМТ Наркотиклар ва жиноятчилик бўйича бошқармаси 2022 йил ноябрь ойидаги ҳисоботида Толибон ҳокимиятни қўлга киритгандан сўнг мамлакатда кўкнор майдонлари аввалги йилга нисбатан 32 фоизга ошиб, 233 минг гектарни ташкил қилганини билдирган. Ҳужжатда қайд этилишича, асосий экин майдонлари Афғонистоннинг жануби-ғарбий вилоятларида жойлашган. У ерларга кўкнор ҳосилининг 73 фоизи тўғри келади. “Ҳилманд вилоятида ҳайдалувчи ерларнинг бешдан бир қисми кўкнорга ажратилган”, дейилган БМТ ҳисоботида.
Дунёдаги энг йирик наркотик ишлаб чиқарувчи мамлакат бўлган Афғонистон билан Тожикистон ўртасидаги умумий чегара 1300 километрга узанган. Тожикистон расмийлари Афғонистон атрофида “хавфсизлик камари” яратиш зарурлиги ҳақида бир неча бор баёнот беришган. Душанбелик мулозимлар фикрича, қурол-аслаҳа ва наркотик контрабандаси, ноқонуний миграция, террористик ва экстремистик гуруҳлар аъзолари ва мафкураларининг минтақага кириб келиши йўлида фақат шу усулгина ишончли тўғаноқ бўла олиши мумкин.