Тожикистон Олий суди 14 ноябрь куни “давлат тўнтаришига уриниш”га оид жиноят ишини кўриб чиқишни бошлади. Мазкур иш бўйича, Озодликнинг тожик хизмати хабарига кўра, мамлакатда таниқли бўлган бир неча арбоб судланмоқда.
Кўчма суд Душанбедаги тергов ҳибсхонаси биносида ёпиқ эшиклар ортида ўтказиляпти. Маҳкама жараёнига фақат судланувчиларнинг адвокатлари қўйилган, қариндошларнинг судда иштирок этишига рухсат берилган эмас.
Олий суд матбуот хизмати мазкур суд жараёни юзасидан бирор-бир изоҳ беришдан бош тортган. Озодликнинг тожик хизмати судга Олий суд раисининг биринчи ўринбосари Шавкат Лутфуллозода раислик қилаётганини ёзган.
Судланувчилар курсисида қанча одам ўтиргани ҳозирча номаълум. Тергов ҳибсхонаси биносига келган Озодлик журналистлари судга камида олти нафар адвокат кириб кетганига гувоҳ бўлишган. Адвокатлар матбуот билан мулоқот қилишдан бош тортишган.
Маълумтларга кўра, Саиджаъфар Усмонзода, Акбаршоҳ Искандаров, Аҳмадшоҳ Комилзода ва Шокиржон Ҳакимов ҳокимиятни куч билан эгаллаб олишга уринганликда (Тожикистон Жиноят кодексининг 306-моддаси) айбланишмоқда. Бундан ташқари, бу таниқли арбобларнинг айримларига қарши миллий ва диний низо қўзғаганлик (ЖКнинг 189-моддаси) айблови бўйича ҳам иш очилган. Ҳар икки модда бўйича ҳам узоқ йиллик қамоқ жазолари кўзда тутилган.
Шокиржон Ҳакимов барча айбловларни рад этгани маълум. Журналистлар ҳозирча қўлга олинганлар ва уларнинг қариндошлари фикрини олишга имкон тополмаган. Тожикистон Бош прокуратураси мазкур ишга махфийлик муҳрини босган ва ОАВга ҳеч қанақа маълумот тақдим этаётгани йўқ.