Тожикистон Ички ишлар вазирлиги Душанбеда кенг кўламли террор хуружи уюштиришни режалаётган 20 дан зиёд кишини қўлга олган. Бу ҳақда Озодликнинг тожик хизмати мамлакат Бош прокурори сўзларига таянган ҳолда хабар қилди.
Бош прокурор Юсуф Раҳмон 9 август куни Душанбеда бўлиб ўтган матбуот анжуманида қўлга олинганларнинг “Ислом давлати” террор гуруҳи билан алоқадор бўлганини тасдиқлаган. Шунингдек, қўлга олинганлар Наврўз байрами арафасида “бир гуруҳ одамларни заҳарлаш”ни режалагани ҳам айтилган. Тожикистон хавфсизлик идораларидаги манба исмини ошкор қилмаслик шарти билан Озодликнинг тожик хизматига қўлга олинган шахслар орасида Ваҳдат, Роғун ва Норак шаҳри турғунлари бўлганини маълум қилган.
Гумонланувчилар қўлга олингани ҳақида Тожикистондаги мустақил нашрлар апрель ойидаёқ хабар қилишган, бироқ ўша пайтда Тожикистон хавфсизлик хизматлари бу маълумотни текширилмаган ва “провокацион” деб аташган эди.
Тожикистор ҳуқуқ-тартибот идоралари уюшган жиноий гуруҳлар ва террор хуружларининг олди олингани ҳақида ҳар ярим йилда ҳисобот тақдим этиб туришади. Бу ҳодисаларга оид тафсилотлар кўпинча жамоатчиликка тақдим этилмайди.