Тожикистон пойтахти Душанбе шаҳрида жорий йилнинг 25 октябридан 30 октябригача қирғиз-тожик чегараси бўйича музокаралар бўлиб ўтган. Бу ҳақда Қирғизистон Вазирлар маҳкамаси матбуот хизмати маълумот тарқатди.
Давлат чегараси делимитацияси ва демаркацияси бўйича икки мамлакат ҳукумат делегацияларининг топографик ишчи гуруҳлари учрашуви натижалари очиқлангани йўқ, бироқ қирғиз расмийлари қайдича, “учрашув ўзаро дўстлик ва ҳамжиҳатлик руҳида” ўтган. Томонлар ишчи гуруҳларнинг кейинги учрашувини Қирғизистон ҳудудида ўтказишга келишиб олганлар.
Жорий йил апрелида Қирғизистон билан Тожикистон чегарасида содир бўлган қонли тўқнашувдан кейин томонлар икки мамлакат ҳудудларида топографик гуруҳларнинг бир неча учрашувини ўтказишиб, баённомалар имзолашган. Бишкек ҳам, Душанбе ҳам бу ҳужжатлардаги тафсилотларни ошкор қилаётгани йўқ. Бироқ июль ойида ўша пайтгача ўтказилган учта учрашувда томонлар чегаранинг 40 километри бўйича келишувга эришилгани маълум бўлган.
Қирғиз-тожик чегарасининг узунлиги тақрибан 970-980 километр бўлиб, шу кунгача бунинг фақат 519 километригина делимитация ва демаркация қилинган, холос.
Қирғизистон билан Тожикистон ўртасидаги чегаранинг баҳсли ҳудудларида ер, сув, чегарадан ноқонуний ўтиш ва миллатлараро низолар туфайли тўқнашувлар юзага келиб туради. Бундай тўқнашувлар пайтида кўпинча ўқотар қурол ҳам қўлланилади, бу эса инсонларнинг нобуд бўлиши олиб келади.