Душанбе шаҳрида 11 сентябрь куни Тожикистон муфтийси Сайидмукаррам Абдулқодирзода ҳужумга учради. Озодликнинг тожик хизмати хабарига кўра, нохуш ҳодиса Марказий жомеъ масжидида аср намозидан кейин маҳаллий вақт билан соат 17:20 да содир бўлган.
Тожикистон Ички ишлар вазирлиги матбуот маркази бу маълумотни тасдиқлаб, ҳужумчи муфтийни “ўткир тиғли асбоб” билан яралаганини қайд этган. Бу борада ҳозирча бошқа муқобил маълумот йўқ. Расмий маълумотга мувофиқ, Уламолар кенгаши раисининг айни пайтда аҳволи яхши.
ИИВ хабарномасида ҳужумчи қўлга олингани билдирилган, бироқ унинг шахси ҳақида ҳеч қандай маълумот тақдим этилмаган. Айтилишича, мазкур ҳолат бўйича жиноят иши қўзғатилган.
“Суиқасдчининг безорилик ҳаракатлари натижасида Абдулқодирзода С. енгил тан жароҳати олган ва тиббий кўрикдан сўнг уйига жўнатиб юборилган”, дея қайд этилган вазирлик хабарномасида.
Сайидмукаррам Абдулқодирзоданинг ўзи Озодликнинг тожик хизмати билан қисқа суҳбатда: “Хавотирга ўрин йўқ, соғлиғим жойида”, деб айтган.
Абдулқодирзода 61 ёшда бўлиб, у 2010 йилдан буён Тожикистонда фатво бериш ҳуқуқига эга бўлган ягона идора – Ислом маркази Уламолар кенгашининг раиси лавозимини эгаллаб келмоқда.