“ДХР” раҳбари аҳолининг Ростов вилоятига кўчирилишини эълон қилди

Украинадан мустақиллик эълон қилган “Донецк Халқ Республикаси” (ДХР) раҳбари Денис Пушилин аҳоли ташкиллаштирилган тарзда Россиянинг Ростов вилоятига оммавий эвакуация қилинишини эълон қилди.

Пушилинга кўра, донецкликларни вақтинча қабул қилиш масаласи Россия раҳбарияти билан келишилган. Биринчи галда аёллар, болалар ва кексалар кўчирилиши айтилмоқда.

Сўнгги икки кунда Донбассдаги украин ҳарбийлари ва россияпараст айирмачилар яна бир-бирини ўт очишда айблади. Киев маълумотига кўра, айирмачилар бугун сулҳ режимини камида 20 марта, ўтган сутка давомида эса жами 60 марта бузган.

Ўз навбатида “ДХР” ва “ЛХР” вакиллари ўт Украина армияси томонидан очилганини, ўз ҳудудларига ўнлаб мина ва снарядлар тушганини, айрим аҳоли пунктлари электрсиз қолганини иддао қилишди.

ЕХҲТнинг кузатув миссияси ўтган суткаларда туташув чизиғида беш юздан ортиқ портлашни қайд этиб, иккала томонни ўт очишни тўхтатишга чақирди.

Украина ИИВ йирик мобил алоқа операторларидан бирининг Луганск ва Донецк вилоятларидаги алоқа линияларида диверсия уюштирилгани ҳақида баёнот берди. Айтилишича, бу ҳудудларда аҳоли бир неча соат уяли алоқа ва интернетсиз қолган.

Кузатувчилар сўнгги воқеаларни минтақада 2015 йилдан бери юз берган энг жиддий тўқнашув дея баҳолашмоқда. Украина мудофаа вазири Алексей Резников Донбасс фронт линиясидаги вазиятни “аномал” деб атади.

Украина ҳукумати минтақадаги янги кескинликни “катта провокация” деб атаган бўлса, Москва Донбассда вазият исталган лаҳзада оловланиши мумкинлигини таъкидламоқда.

Ушбу кескинлик АҚШ ва НАТОнинг яқин кунларда Россия Украина ҳудудига бостириб кириши мумкинлиги ҳақидаги баёнотлари манзарасида юзага келди. Вашингтонга кўра, РоссияУкраина чегаралари яқинида 150 минг аскар ва шунга яраша ҳарбий техникаларни жамлаган.