Самарқандлик икки шахсни АҚШга ноқонуний ўтказиб беришни ваъда қилган икки шахс Давлат хавфсизлик хизмати томонидан қўлга олинди, деб хабар берди “Газета уз” 28 декабрь куни.
"Газета уз" гўёки мазкур хабар эълон қилинган ҳаволага ҳам ишорат берган. Лекин бу ҳавола Озодлик радиоси учун очилмади.
Хабардан маълум бўлишича, АҚШга бормоқчи бўлганларнинг ҳар биридан 30 минг доллардан ҳақ талаб қилинган. Уларни АҚШга ноқонуний йўллар билан элтиб қўймоқчи бўлганлар эса 1985 ва 1991 йилда туғилган Ўзбекистон фуқароларидир.
“Тезкор тадбир давомида улар 20 минг долларни бўнак тариқасида олаётган вақтда қўлга тушди. Улар ўзларига ишонган гражданларни Қўшма Штатларга “Ўзбекистон-Туркия-Боливия-Колумбия-Мексика-АҚШ” маршрути бўйича олиб ўтмоқчи бўлган”,-дейилади "Газета уз" ДХХга ишорат берган хабарда.
ДХХнинг “Газета уз”га сиздирган хабарида таъкидланишича, қўлга олинганларга нисбатан ўтказилган оператив тадбирлар доирасида, улардан яна 60 дан ортиқ гражданларнинг паспорт нусхалари топилган.
Мазкур ҳолат юзасидан жиноят иши очилгани ва тергов олиб борилаётгани маълум қилинди.
Бундан аввал ДХХ ўзбек матбуотига 31 октябрь куни Деҳқонобод туманида “Жиҳодчилик” оқимига мансуб 12 киши қўлга олингани тўғрисидаги хабарларни сиздирган эди.
ДХХ хабарида гуруҳ таркибида маҳалла фуқаролар йиғини раиси, ўрта мактаб ўқитувчиси, масжид имом-ноиби, якка тартибдаги тадбиркор ҳамда мавсумий ишчилар борлиги айтилган.
2 ноябрь куни Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги қўлга олинганлар орасида маҳалла фуқаролар йиғини раиси бўлгани тўғрисида ДХХга раддия билдирди.
1 ноябрь куни Ўзбекистон мусулмонлари диний идораси ДХХнинг қўлга олинган шахслар орасида маҳалла имоми бўлгани тўғрисидаги маълумотига раддия берган.
ДХХ бу икки ташкилот раддиясига шу кунгача муносабат билдирмади.