ДХХ чегарада топилган учта туннель ҳақида Қирғизистонга Ўзбекистон томони хабар берганини иддао қилди

Қирғизистоннинг Қорасув туманида шу йил май ойида топилган туннелнинг кириш қисми

Ўзбек-қирғиз чегарасида топилган учта туннель ҳақида Қирғизистон ҳуқуқ-тартибот идораларига Ўзбекистон расмийлари маълумот берганлар. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати томонидан тарқатилган хабарномада айтилган.

Қайд этилишича, Ўзбекистон томони чегарада аниқланган учта ерости йўли ҳақида қўшни давлат расмийларини апрель ойидаёқ хабардор қилган, уларга ерости йўлининг Қирғизистон томонида жойлашган манзиллари ҳамда ташкилотчилари тўғрисида тегишли маълумотларни юбориб, уларга нисбатан қонуний чора кўришни сўраган.

“Кейинчалик жорий йилнинг май-июнь ойларида қўшни давлат вакиллари томонидан ўз ҳудудларида ўтказилган текширув ҳаракатлари натижасида ушбу яширин ерости йўллари фаолиятига чек қўйилди”, дейилган ДХХ хабарномасида.

Ўзбек чекистлари ерости йўллари орқали қўшни давлатга ноқонуний валюта ва товарлар ўтказишда иштирок этган қонунбузарлар жиноят ишлари бўйича Норин туман судининг 25 майдаги ҳукмига кўра 6 йилдан 8 йилгача озодликдан маҳрум этилганини қўшимча қилишган.

Ўзбек-қирғиз чегарасида май-июнь ойларида икки давлатни боғлайдиган 3 та ерости йўли топилгани ҳақида Озодлик аввалроқ хабар қилган.