ДХХ: Ўзбек-қозоқ чегарасида ерости йўли топилди

Ўзбек-қозоқ чегарасидаги ерости йўли топилган жой харитаси (видеодан скриншот)

Ўзбекистон билан Қозоғистон чегарасида узунлиги 310 метр келадиган туннел аниқланган.

Мазкур туннел Ўзбекистон Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан Чегара қўшинлари ва “Тошкент-Аэро” ИБК ҳарбий хизматчилари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбир чоғида аниқлангани айтилмоқда.

Иддаога кўра, мазкур ерости йўли орқали трансчегаравий жиноий гуруҳ Ҳиндистондан Қозоғистон орқали Ўзбекистонга катта миқдорда сифати кафолатланмаган дори воситаларини ноқонуний олиб кириш билан шуғулланган.

“Хусусан, жиноий гуруҳ томонидан навбатдаги дори воситалари “Деҳли-Тошкент-Олмаота” авиайўналиши орқали транзит тарзда “Олмаота” халқаро аэропортига олиб келиниб, Қозоғистоннинг Туркистон вилояти Сариёғоч тумани “Дўстлик” аҳоли яшаш пунктига етказилган ва яширин ерости йўли орқали Тошкент вилоятининг Тошкент тумани “Ўрикзор” МФЙ ҳудудига ўтказилган”, дейилган хабарномада.

Қайд этилишича, тезкор тадбир чоғида жиноий гуруҳ аъзоларидан жами 1 миллиард 94 миллион 342 минг сўмлик жами 107 номдаги 17 минг 48 дона дори воситалари мусодара этилган. Мазкур дори-дармонлар орасида Ҳиндистонда ишлаб чиқарилган Альбумин, Ремдесивир, Меропенем каби препаратлар бўлгани айтилган.

“Ҳозирда ҳолат юзасидан жиноий гуруҳ аъзоларига нисбатан Жиноят Кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилган”, дейилган хабарномада.

Аввалроқ Озодлик ўзбек-қирғиз чегарасида контрабандачилар томонидан фойдаланиб келинган бир неча туннел топилгани ҳақида хабар қилган эди.