ДХХ раиси яккабоғлик тадбиркор дўконини бориб кўрди, қолган шикоятчиларга ҳам 1,7 млрд. товон пули ваъда қилди

Қашқадарё вилояти Яккабоғ туманида ҳоким ўринбосари бульдозерга миниб, тадбиркор дўконини бузишга уринмоқда, 20 июль, 2019 йил

Давлат хавфсизлик хизматининг раиси Абдусалом Азизов шанба оқшомида Қашқадарё вилоятининг Яккабоғ туманига борди.

Туман матбуот хизматига таяниб, Daryo.uz нашрининг хабар қилишича, ДХХ раҳбари туман ҳокими ўринбосари ва тадбиркор ўртасида можаро бўлиб ўтган "Эски Яккабоғ" қишлоғига борган ва тадбиркорнинг дўконини бузишга уринганларга танбеҳ берган.

Шу куни Бош вазир Абдулла Арипов Хоразм вилоят, Урганч туманига борган ва бузилган уйи учун товон пули берилмаганидан норози бўлиб, Урганч-Ҳазорасп автомобиль йўлини тўсиб қўйган аҳоли билан учрашганди.

ДХХ раиси Яккабоғда

20 июль куни Қашқадарë вилояти Яккабоғ туманида тадбиркор ўзи кредитга қурган икки қаватли янги дўкони ва цехини бузишга борган туман ҳокими ўринбосарининг устига бензин сепиб, ëқиб юборгани тўғрисида биринчи бўлиб Озодлик хабар қилган эди.

Яккабоғ тумани матбуот хизмати раҳбари Бозор Азизовнинг нашрга билдиришича, ДХХ раиси тадбиркор Баҳриддин Исомовга тегишли бетон ғиштдан қурилган бинони бузишга уринган маҳаллий расмийларни "қаттиқ койиган".

"ДХХ раиси тадбиркор дўкони бузилиши юзасидан фикр билдирар экан, "Одатда пахса девордан бўлган ёки бугунги кун талабига жавоб бермай қолган бино бузилади-ку, нега тадбиркорнинг бу биносига тегинилди?" деб қаттиқ койиб гапирди. Шунингдек, тадбиркорларга халал бериш эмас, аксинча, ёрдам бериш зарурлигини таъкидлади", деб иқтибос келтиради матбуот котибидан Daryo.uz нашри.

Шунингдек, ДХХ раиси туманни айланган ва ҳокимият вакилларидан шикоят қилган 34 киши арзини тинглаб, уларга 1 миллиард 700 миллион сўм товон пули берилишини ваъда қилган.

Бош вазир Урганчда

Шу куни Бош вазир Абдулла Арипов Хоразм вилоят, Урганч туманига борган ва бузилган уйи учун товон пули берилмаганидан норози бўлиб, Урганч-Ҳазорасп автомобиль йўлини тўсиб қўйган аҳоли билан учрашди.

Хоразм вилоят, Урганч туман, Ашхобод кўчасида истиқомат қилган юзлаб одам 26 июль куни кечаси Урганч-Ҳазорасп автомобиль йўлини тўсиб қўйганди.

Озодликка маълум бўлишича, ҳокимлик уйи бузилган оилаларга товон пулини бермаётгани, қурилиш материаллари нархи ҳаддан ортиқ қимматлаб кетганига одамлар шу тариқа норозилик билдирган.

Норозилар Озодликка уйи бузилганлар намойиши ва қоқ иссиқда улар яшаётган палаткалар суратини ҳам йўллади.

Уйлари бузилган урганчликларнинг ҳозир яшаб турган жойи

Озодлик олган маълумотга кўра, 27 июль тушдан кейин воқеа содир бўлган жойга Ўзбекистон Бош вазири Абдулла Арипов борган.

Kun.uz нашрининг хабар қилишича, Бош вазир президент Шавкат Мирзиёев топшириғига биноан Ангрендан Хоразмга етиб борган.

Вазир Чандирқиёт қишлоғи ҳудудига кўчириб юборилган одамлар билан учрашган ва ўша ернинг ўзида аҳолига товон пуллари тарқатилган.

Яккабоғ ҳокими ва замҳокимига чора кўрилди

27 июль куни ўз ваколатига кирмайдиган хатти-ҳаракатларни амалга оширгани учун Яккабоғ туман ҳокими ўринбосари Мансур Туймаевга нисбатан Жиноят кодексининг тегишли бандлари асосида жиноят иши қўзғатилгани маълум қилинди.

Президент девони ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигининг хабар қилишича, ҳодиса ортидан ​"туман ҳокими Донаев Шоҳмурод Холбоевич ҳамда прокурори Жамшид Халилов эгаллаб турган лавозимидан озод этилган".

Kun.uz нашрининг хабар қилишича, Урганчда ҳам шаҳар ҳокими Шуҳрат Абдуллаев ва шаҳар прокурори Давлатовларга йўл қўйган хатолари учун ҳайфсан эълон қилинди.

Қашқадарё вилояти ҳокими Зафар Рўзиев ва Хоразм вилояти ҳокими Фарҳод Эрмановлар эса йўл қўйган жиддий камчиликлари учун қаттиқ огоҳлантирилган.