Ўзбекистонда ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан ўтказилаётган “Долзарб 40 кунлик” доирасида Самарқанд вилоятида “47 нафар жиноий гуруҳ аъзоси” қўлга олингани тўғрисида ДХХ матбуот хизмати 6 декабрда хабар берди.
Расман билдирилишича, қўлга олинганларнинг 6 нафарига нисбатан жиноят иши қўзғатилди, 25 нафари маъмурий тартибда қамоққа олинди.
“Рейд тадбирлари давомида, ушбу шахслардан гиёхвандлик ва психотроп воситалар, совуқ қуроллар (кастет, бита ва б.) процессуал тартибда расмийлаштирилиб олинди. Ҳозирда, махсус-рейд тадбирлари давом эттирилмоқда”,- дейилади хабарда.
Ўзбекистонда жиноят олами вакилларига қарши “Долзарб 40 кунлик” тадбири ўтказилаётгани тўғрисида расман декабрь ойи бошларида Тошкент ИИББ билдирувларидан маълум бўлган эди.
5 декабрда пойтахт Ички ишлар бош бошқармаси жиноий авторитет сифатида билинган Салим Абдувалиев ҳибсга олинганини маълум қилган. Расман билдирилишича, “Салимбой” номи билан билинган ва бунга қадар маҳаллий матбуотда тадбиркор ва меценат деб таърифлаб келинган 73 яшар Салим Абдувалиев ЖКнинг 248-модда 1-қисми ( ўқотар қуролни қонунга хилоф равишда сақлаш)да назарда тутилган жиноятни содир этишда гумон қилинмоқда.
Тошкент шаҳар жиноят ишлари бўйича Яккасарой туман суди 29 ноябрда “Бахти Ташкентский” номи билан танилган “қонундаги ўғри” Бахтиёр Қудратиллаевга 15 сутка маъмурий қамоқ жазосини тайинлангани 6 декабрда маълум қилинди.
Суд қарорида қайд этилишича, 29 ноябрь куни Бахтиёр Қудратуллаев Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183-моддаси (майда безорилик) ва 194-моддаси (ИИО ходимини қонуний талабини бажармаслик) 1-қисмида назарда тутилган маъмурий ҳуқуқбузарликларни содир этганликда айбли деб топилган.
3 декабрда Тошкент шаҳар ИИББ Қудратуллаев 165-модда 3-қисми (жуда кўп миқдорда товламачилик), 276-модда 2-қисми (кўп миқдорда гиёҳвандлик воситаларини сақлаш)да ҳам гумонланаётганини билдирганди.
Бундан ташқари Тошкентда, Фарғона, Хоразм ва бошқа вилоятларда қидирувда бўлган ва жиноятчиликда гумонланган ўнлаб киши қўлга олингани хабар қилинган.