Давлат хавфсизлик хизмати ва Бош прокуратура ҳузуридаги департамент ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда Ўзбекистон Ҳакамлик судлари Ассоциациясининг Навоий вилоят ваколатхонаси ҳузуридаги доимий фаолият кўрсатувчи ҳакамлик суди судьяси пора олаётган пайтда қўлга олинган. Бу ҳақда ДХХга тегишли деб кўриладиган телеграм-канал орқали маълумот тарқатилди.
Қайд этилишича, судья нуроталик фуқаронинг муқаддам бухоролик харидорларга сотган 250 бош қўйларининг пуллари берилмаётгани юзасидан қилган мурожаатини ижобий ҳал этиб бериш эвазига 1 минг АҚШ доллари талаб қилган. У 500 АҚШ доллари ва 6 миллион 250 минг сўм олаётган вақтда ушланган.
Шунингдек, Давлат хавфсизлик хизматининг Сирдарё вилояти бўйича бошқармаси ва Гулистон ҳарбий прокуратураси ходимлари томонидан ўтказилган тадбирда Миллий Гвардиянинг Сирдарё вилоят Қўриқлаш бошқармаси хизматни ташкил этиш ва мувофиқлаштириш бўлими бош инспектори ушланган. Унинг аввалроқ Боёвут туманида яшовчи фуқарони Қўриқлаш бошқармасига ишга киритиб қўйиш эвазига 3 минг АҚШ доллари талаб қилиб, 1500 АҚШ доллари олгани айтилган. Бош инспектор сўралган пулнинг қолган 1500 АҚШ долларини олаётган пайтда ашёвий далиллар билан қўлга олинган.
Айни пайтда ДХХ Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ Қашқадарё филиали бош муҳандиси ўринбосари ҳамда Жиззах вилояти “Тоза ҳудуд” ДУК бош ҳисобчиси пора олаётган вақтда қўлга олингани ҳам қайд этган.
Хабарномада қўлга олинган шахсларнинг барчасига нисбатан Жиноят Кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилаётгани қўшимча қилинган.