ДХХ “террорчилар тарафдори” бўлган ўзбек Россияда ушланганини билдирди

Иллюстратив сурат.

Россияда жангарилар сафига қўшилиш мақсадида Сурияга кетмоқчи бўлган вақтида Ўзбекистон фуқароси қўлга олинди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати 12 январь куни хабар берди.

Расман билдирилишича, 1987 йил Сурхондарё вилоятида туғилган Ж.Х.,ни қўлга олиш амалиёти Давлат хавфсизлик хизмати ва Россия ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан амалга оширилган.

ДХХнинг маълум қилишича, Ж.Х., 2016-2021 йилларда Краснодар ўлкасида ишлаган. Шу даврда у “ижтимоий тармоқлар орқали Сурия давлати ҳудудидаги “Тавҳид ва жиҳод катибаси” террористик гуруҳи аъзолари билан мулоқотга киришиб, уларнинг таъсирига тушиб қолади”.

Шундан сўнг у “жиҳод”га чорловчи материалларини “ўзининг яқин танишлари орасида тарғиб қила бошлайди”.

“Ҳозирда унга нисбатан қўзғатилган жиноят иши доирасида тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда”, -дейилади расмий билдирувда.

ДХХ ўтган йилда ҳам бир неча маротаба “террорчилар” ва “жиҳодчилар”га оид гуруҳлар қўлга олингани ҳақидаги хабарларни ўзбек маҳаллий матбуотига сиздирган эди.

31 октябрь куни ДХХ матбуот хизмати Деҳқонобод туманида “Жиҳодчилик” оқимига мансуб 12 киши қўлга олингани, улар орасида имом ва маҳалла раиси борлиги тўғрисида расман хабар берганди.

Бироқ ДХХнинг бу хабари Ўзбекистон тарихида илк маротаба жамоат ва давлат идораларининг норозилигига сабаб бўлган.

1 ноябрь куни Ўзбекистон мусулмонлари диний идораси ДХХнинг қўлга олинган шахслар орасида маҳалла имоми бўлгани тўғрисидаги маълумотига раддия берган.

2 ноябрь куни Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги қўлга олинганлар орасида маҳалла фуқаролар йиғини раиси бўлганини инкор этди.

ДХХ шу кунгача бу раддияларга муносабат билдирмади.