ДХХ: Тўрт вилоятда фарзандини сотмоқчи бўлган аёллар қўлга олинди

Иллюстратив сурат

Ўзбекистон Давлат хавфсизлик хизмати Сирдарё, Сурхондарё, Тошкент ва Наманган вилоятларида одам савдосига қарши тезкор тадбирлар ўтказиб, боласини сотишга уринган аёлларни ушлаган.

ДХХ қайдича, Гулистон шаҳрида ўтказилган тадбирда туғилганига эндигина икки ҳафта бўлган ўғилчасини 40 минг долларга сотмоқчи бўлган 33 ёшли бухоролик аёл ашёвий далиллар билан қўлга олинган.

Сурхондарё вилояти маркази бўлмиш Термиз шаҳрида эса жорий йилнинг 25 январь куни туғилган қизалоғини 25 миллион сўмга сотган 30 ёшли аёл ушланган.

Махсус хизмат, шунингдек, Тошкент шаҳрида 5 яшар ўғлини 3 минг долларга сотган чирчиқлик 26 ёшли аёл ҳамда Наманган шаҳрида 9 яшар ўғлини 18 минг долларга сотмоқчи бўлган аёл қўлга олинганини маълум қилган.

Хабарномада мазкур аёлларга нисбатан айни пайтда Ўзбекистон Жиноят Кодексининг 135-моддаси 3-қисми “а” банди билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилаётгани қўшимча қилинган.