ДХХ “Тошшаҳартрансхизмат” раҳбари ва бош муҳандиси ҳамда яна икки мансабдорни сўроқ қилмоқда

Иллюстратив сурат

Давлат хавфсизлик хизмати “Тошшаҳартрансхизмат” АЖ бошқарув раиси Анвар Жўраев ва бош муҳандиси Абдужамил Азизов, шунингдек, 1- ва 8-автобус саройи филиаллари раҳбарлари Д. Тошпўлатов ва Б. Ибрагимовларни ўзаро тил бириктирган ҳолда
"автобус саройларидаги эҳтиёт қисмлар, ёқилғи маҳсулотларини талон-торож қилиш йўли билан давлат манфаатларига жуда кўп миқдорда иқтисодий зарар етказганлик"да гумонлаяпти.

Хабарномада қайд этилишича, айни пайтда ДХХ Тергов бошқармаси томонидан мазкур мансабдор шахсларга нисбатан Ўзбекистон Жиноят Кодексининг 167-моддаси (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) ва 209-моддаси (мансаб сохтакорлиги) билан жиноят иши қўзғатилган, уларнинг тўртовига нисбатан ҳам “қамоққа олиш” тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган.

Аввалроқ Kun.uz нашри Тошкентдаги автобус саройлари ҳудудида табиий газ (метан) шохобчалари қуриш учун бир нечта тадбиркорга ажратилган ерлар қайтариб олингани, шохобчалар қурилиши учун сармоя киритган тадбиркорлар қурилиши деярли якунланган жойлари масъуллар томонидан тортиб олинаётгани ҳақида мақола ёйинлаган эди.