Қашқадарё вилоят суди 3 ноябрь куни Effect.uz сайтининг собиқ мухбири, ҳозирда Taftish.uz сайти мухбири бўлган Элёрбек Тожибаев, Effect.uz сайти мухбирлари Акбар Нуримбетов Ҳамиджон Аҳмедов ҳамда якка тартибдаги тадбиркор Гўзал Худоёровага нисбатан ҳукмини эълон қилди.
Ўзбекистон Олий суди матбуот хизмати қайдича, суд ҳукми билан Э. Тожибоев 3 йилга қамалган, А. Нуримбетовга 3 йил озодликни чеклаш жазоси, Ҳ. Аҳмедовга 2 йил 6 ой озодликни чеклаш жазоси, Г. Худоёровага 2 йил озодликни чеклаш жазоси тайинланган.
Журналистлар туҳмат, ҳақорат қилиш, ҳокимият вакили ёки фуқаровий бурчини бажараётган шахсга қаршилик кўрсатиш ҳамда тергов қилишга ёки суд ишларини ҳал этишга аралашишда айбланиб, судланишган.
Жорий йилнинг январь ойида Effect.uz нашри жиноят ишлари бўйича Термиз туман суди биносидан Э. Тожибаев, А. Нуримбетов ва Ҳ. Аҳмедов иштирокидаги иккита видеони эълон қилган эди. Журналистлар суд раиси Одил Бегимқулов билан зиддиятга киришган. Судда катта миқдордаги фирибгарликда айбланган Икром Худояровга нисбатан ҳукм чиқарилиши кутилаётганди.
Судья журналистларни ўзининг рухсатисиз кабинетга киришга ҳақлари йўқлиги ҳақида огоҳлантирган.
Ҳодиса ортидан Судьялар кенгаши баёнот чиқариб, Effeсt.uz мухбирларини “журналист одобига зид хатти-ҳаракат қилиш, суд мустақиллиги ва судья дахлсизлигига очиқдан-очиқ тажовуз ва ҳурматсизлик”да айблаганди.
Э. Тожибоевга иддаосича, Effect.uz журналистлари "Термиз туман суди раиси қабулига киришга урингани учунгина" жиноят иши фигурантларига айланишган. Шу йил 2 июнь куни YouTube порталига жойлаштирилган видеомурожаатида у Ўзбекистондаги журналист ва блогерларни касбий фаолиятларига таҳдидлардан огоҳлантирган.
"Ҳаммангизни огоҳликка чақириб қоламан. Шунақанги ҳолатлар сизнинг ҳам бошингизга тушмасин. Сўз эркинлиги Ўзбекистонда ўлди. Ўлди. Ҳурматли танқидчи ва мустақил журналист, блогерлар", деган эди фарғоналик журналист ўз видеомурожаатида.