Фуқаролар мурожаатларини ўрганаётган Effect.uz журналистлари Андижонда “шаҳар халқ депутатлари кенгаши раиси Раҳим Собировичнинг ўғли томонидан калтаклан”гани ҳақида нашр 7 июнь куни хабар берди.
Таъкидланишича, Effect.uz журналистларининг калтакланиши юзасидан очилган иш Бош прокуратура назоратига олинган.
“Ушбу ҳолат бўйича Бош прокуратура мукносабат билдириб, иш Андижон вилояти прокуратураси томонидан ўрганилаётганлигини ҳамда воқеа иштирокчиларининг ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо берилиши таъминланишини маълум қилди”,-дейилади хабарда.
Бу мазкур нашр журналистларига алоқадор бўлган ягона ҳодиса эмас. Effect.uz журналистларидан уч нафари шу йил январида "жиноят ишлари бўйича Термиз туман суди раиси қабулига киришга урингани учунгина" жиноят иши фигурантларига айланган. Уларга нисбатан суд жараёни шу кунларда ўтмоқда.
Жиноят иши фигурантларидан бири бўлган Effect.uz нашри журналисти Элёрбек Тожибоев 2 июнь куни YouTube порталига жойлаштирилган видеомурожаатида Ўзбекистондаги журналист ва блогерларни касбий фаолиятларига таҳдидлардан огоҳлантирган эди.
"Ҳаммангизни огоҳликка чақириб қоламан. Шунақанги ҳолатлар сизнинг ҳам бошингизга тушмасин. Сўз эркинлиги Ўзбекистонда ўлди. Ўлди. Ҳурматли танқидчи ва мустақил журналист, блогерлар", - дейди фарғоналик журналист ўзининг видеомурожаатида.