Ҳуқуқбонлар Шарль Мишелни Чўлпонота саммитида инсон ҳуқуқлари масаласини кўтаришга чақирди

“Европа Иттифоқи - Марказий Осиё” форматидаги биринчи саммит 2022 йил 27 октябрда Остонада ўтказилган эди.

Ҳуқуқ ҳимояси ташкилотлари Чўлпонотада 2 июнь куни ўтадиган “Марказий Осиё-Европа Иттифоқи” саммитида Европа кенгаши раиси Шарль Мишелни инсон ҳуқуқлари масаласини кўтаришга чақирди. Бу борадаги мурожаат Инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро ҳамкорлик (IPHR), Қозоғистон Инсон ҳуқуқлари бюроси, Қирғизистондаги “Лигал просперити” жамғармаси, Марказий Осиёда инсон ҳуқуқлари ташкилоти томонидан имзоланди.

Ҳуқуқ ҳимояси ташкилотлари инсон ҳуқуқларига амал қилиш ва уларни кафолатлаш Европа Иттифоқи билан ҳамкорликнинг асосий шартларидан бирига айланиши лозим, деган нуқтаи назарни билдиришди. Мурожаатда ҳукуматлар 2022 йилда Қозоғистон, Тоғли Бадахшон ва Қорақалпоғистонда оммавий норозилик намойишлари куч билан бостиргани ва ўнлаб одам ҳалок бўлганига алоҳида эътибор қаратишди. Фаолларга кўра, бу воқеалар юзасидан терговлар холис ва адолатли бўлмаяпти.

Ҳуқуқ ҳимояси ташкилотлари Қирғизистонда сўнгги йилларда нодавлат ташкилотлари ва мустақил журналистлар фаолятини чеклашга қаратилган ташаббуслар кўтарилаётганидан ҳам хавотир билдирганлар.

Президент Шавкат Мирзиёев саммитда иштирок этиш учун амалий ташриф билан Қирғизистонга жўнаб кетгани ҳақида президент матбуот хизмати маълум қилди.

Саммитда Шавкат Мирзиёев билан бир қаторда Қирғизистон президенти Садир Жапаров, Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев, Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон, Туркманистон Министрлар кабинети раиси ўринбосари Нурмуҳаммет Аманнепесов ва Европа Кенгаши президенти Шарль Мишель иштирок этади.

Саммитда Европа Иттифоқи ва Марказий Осиё ўртасидаги сиёсий, савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар ҳамкорликнинг ҳозирги аҳволи ва келажакдаги режалар муҳокама қилинади. Халқаро майдондаги долзарб муаммолар юзасидан Марказий Осиё давлатлари билан Европа Иттифоқининг ўзаро ҳаракатлари юзасидан фикр алмашинилади.

“Марказий Осиё-Европа Иттифоқи” форматидаги биринчи саммит 2022 йилнинг 27 октябрида Қозоғистон пойтахти Остонада ўтказилган эди.