Европа Иттифоқи кенгаши президенти Шарль Мишель 28 октябрда Тошкентга келади ва президент Шавкат Мирзиёев билан музокаралар ўтказади. Бу ҳақда Мишель ўзининг Twitter саҳифасида маълум қилди.
Шарль Мишель Ўзбекистонга келишдан олдин 26-27 октябрь кунлари Қозоғистон пойтахти Астанада бўлади.
“Президент Тоқаевнинг Астанага ташриф қилиш ҳамда Марказий Осиё давлатлари лидерларининг 26-27октябрда ўтадиган учрашувида иштирок этиш таклифидан мамнунман. Шунингдек, 28 октябрда Ўзбекистонга боришимдан ва президент Мирзиёев билан учрашишимдан ҳам мамнунман. Европа Иттифоқи Марказий Осиё билан алоқаларни чуқурлаштириш ва минтақавий ҳамкорликни қўллаб-қувватлашга тайёр”, дейилади Шарль Мишель билдирувида.
Шарль Мишель Қорақалпоғистонда 1-2 июль кунлари тартибсизликларга айланиб кетган норозиликлар ортидан 4 июль куни президент Шавкат Мирзиёев билан телефон орқали мулоқот қилган эди.
Астанада 26-27 октябрь кунлари ўтадиган Марказий Осиё давлатлари лидерларининг учрашуви ва унинг кун тартиби борасида ҳозирча Қозоғистон президенти сайтида ҳам, Ўзбекистон президенти сайтида ҳам расман маълумот берилмади.