Санкцияларни четлаб ўтиш “ЕИга нисбатан жиноят” сифатида талқин қилинади

ЕИ ва Украина байроқлари.

Европа Кенгаши санкциялар режимини бузишни Европа Иттифоқига нисбатан жиноятлар рўйхатига киритди. Мазкур рўйхат ЕИ фаолияти тўғрисидаги шартномада назарда тутилган эди.

Аввал ЕИга қарши жиноятлар рўйхатига террорчилик, одам савдоси, аёллар ва болаларни жинсий эксплуатация қилиш, наркотик моддалар ва қурол билан ноқонуний савдо қилиш, коррупция, пул ювиш, тўлов воситаларини қалбакилаштириш, кибержиноятлар ва уюшган жиноятчилик киритилган эди.

Европа Кенгашининг билдиришича, ЕИ Россиянинг Украинага босқини ортидан Москвага мисли кўрилмаган санкцияларни жорий этгани таъкидланади. “Санкция сиёсати муваффақиятли бўлиши учун санкцияларни четлаб ўтишнинг олдини олиш шарт”, дейилади ЕИ билдирувида.

Эндиликда Европа Кенгаши махсус директивани ишлаб чиқиши лозим бўлади. Мазкур директивага асосан ЕИга аъзо барча давлатлар қонунчиликка санкцияларни четлаб ўтганларни жиноий жавобгарликка тортиш тўғрисидаги моддани киритади. Директивада бу жиноят учун бериладиган минимал жазо чораси ҳам қайд этилади.

Айни пайтда санкцияларни четлаб ўтишнинг олдини олиш тўғрисидаги қоидалар Россияга қарши санкцияларнинг тўққизинчи пакетида акс этиши масаласи ЕИда кўриб чиқилмоқда. Европа комиссияси аъзоси Дидье Рейндерс санкцияларни четлаб ўтмоқчи бўлганларнинг активлари мусодара қилиниши мумкинлигини айтган.