ЕИ президент сайловида “онгли танловга тўсқинлик қилингани”дан афсус билдирди

Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги делегацияси 9 июлда Ўзбекистонда ўтган президентлик сайлови юзасидан 11 июль куни ўз баёнотини эълон қилди.

“Европа Иттифоқи ЕХҲТнинг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюросининг тўлиқ ҳуқуқли халқаро сайловларни кузатиш миссиясини жойлаштириш таклифини олқишлайди ва Миссиянинг дастлабки хулосаларини, хусусан, сайлов “фундаментал эркинликлар ва сайланиш ҳуқуқи чекланган шароитда ўтган”ини эътиборга олади. Европа Иттифоқи бир қатор камчиликлар сайловчиларнинг онгли танлов қилишига тўсинлик қилганидан афсусда. Шунингдек, биз Миссиянинг халқаро кузатувчилар томонидан овоз бериш жараёнида жиддий қонунбузарликлар кузатилгани ҳақидаги дастлабки хулосасига эътибор қаратамиз”, - дейилади баёнотда.

Шу билан бир қаторда ЕИ баёнотида 30 апрель куни бўлиб ўтган янги конституция бўйича референдум ортидан ўтган президентлик сайлови “президент Мирзиёев ва ислоҳотларнинг очиқ қўллаб-қувватланишини кўрсатгани” таъкидлаган. ЕИ Ўзбекистонда демократик ислоҳотларга қаратилган саъй-ҳаракатларни ва ЕХҲТ ДИИҲБнинг сайловни кузатиш бўйича ушбу ва аввалги миссияларининг тавсияларини тўлиқ амалга оширишни қўллаб-қувватлашга содиқ қолишини билдирган.

“Ўзбекистон Европа Иттифоқининг муҳим ва қадрли ҳамкори бўлиб, биз 2024 йилда Европа Иттифоқи ва Ўзбекистон ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 30 йиллигини нишонлашга тайёргарлик кўрар эканмиз, ҳамкорлигимизни мустаҳқамлашни давом эттиришга умид қиламиз”, - дейилади баёнотда.

10 июль куни ЕХҲТ ДИИҲБ миссияси “9 июлда муддатидан олдин ўтказилган президент сайлови техник жиҳатдан яхши тайёрланган, аммо унда чинакам рақобат бўлмади”, деган дастлабки хулосасини эълон қилган эди.

Миссия кузатувчилари овозларни санаш ва натижаларни чиқариш жараёнлари "ташвиш уйғотгани”ни таъкидлаган. Уларга кўра, амалда овоз берганлар сони билан расмийлар билдирган рақамлар ўртасида “номутаносиблик” бор.

Бу ЕХҲТ ДИИҲБ миссиясининг дастлабки хулосалари бўлиб, Ўзбекистондаги сайлов юзасидан якуний ҳисобот бир неча ойдан сўнг эълон қилинади.

АҚШ элчихонаси ҳам 10 июль куни тарқатган баёнотида ЕХҲТ ДИИҲБнинг "сайлов рақобатсиз муҳитда ўтгани ҳақидаги хулосаси"ни қўллаб-қувватлашини билдирди.

"АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси 9 июль куни бўлиб ўтган президентлик сайловларини кузатди ҳамда ЕХҲТ Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюросининг (ДИИҲБ) сайловга техник жиҳатдан яхши тайёргарлик кўрилган бўлса-да, у ҳақиқий рақобатсиз муҳитда ўтгани ҳақидаги хулосаларини қўллаб-қувватлайди”, -дейилади баёнотда.

Элчихона АҚШ Ўзбекистон “овоз беришда қатнашаётган ватандошларни ҳақиқий, рақобатбардош танлаш имконияти билан билан таъминлаши лозим”, деб ҳисоблашини билдирган ва расмий Тошкентни келгуси сайловларда ЕХҲТ ДИИҲБнинг тавсияларини тўлиқ бажаришга чақирган

Президентлик сайловини кузатиш бўйича ЕХҲТ ДИИҲБ миссияси Ўзбекистонда ўтказилган сайловларнинг бирортасини ҳолис, адолатли ва демократик деб баҳолаган эмас. Жумладан, ДИИҲБ 2021 йил 24 октябрда ўтказилган президент сайловида сиёсий рақобат бўлмагани, сайлов иштирокчилари орасида мазмунли мулоқот етишмагани, сайлов куни жиддий процессуал қоидабузарликлар кузатилгани, овоз бериш, овозларни санаш ва якуний жараёнларда сайловнинг муҳим жиҳатларига эътибор берилмаганини танқид қилган.

9 июль куни бўлиб ўтган муддатидан илгари президентлик сайловида Шавкат Мирзиёев сайловчиларнинг 87,05 фоиз овозини олиб, ғалаба қозонгани расман билдирилган. Марказий сайлов комиссиясига кўра, сайловда овоз бериш ҳуқуқига эга бўлган 19 миллион 593 минг 838 сайловчидан 15 миллион 651 минг 405 нафари, яъни 79,88 фоизи иштирок этган.