Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ тумани Оқтош қишлоғи ҳудудида 53 та кўп йиллик шумтол кесиб ташланган. Бу ҳақда экофаол ва журналист Абу-Али Ниёзматов Facebook тармоғидаги ўз саҳифаси орқали маълум қилди.
“Булар оддий шумтоллар эмас, уларнинг кўпида чор [Россия] маъмурияти ҳукмронлиги чоғида экилгани тўғрисида лавҳ осилган эди. Яъни экилганига 100 йилдан кўп бўлган дарахтлар фақат табиат нуқтаи назаридангина эмас, тарих нуқтаи назаридан ҳам аҳамиятлидир. Экология прокуратураси томонидан эксперт сифатида чақиртирилган Ботаника боғи дендрологи Атиргул Холмирзаева дарахтларнинг ҳаммаси яшанг ва соғлом бўлганини айтган. Кесилган дарахтларнинг буюртмачилари, дастлабки маълумотларга кўра, мебель ишлаб чиқарувчилардир. Мен вазиятни бундан буён ҳам ўрганишга ҳамда бу ваҳшийлик ортида ким турганини очиқлашга ҳаракат қиламан”, деб ёзган Абу-Али Ниёзматов.
Ҳодиса юзасидан жиноят иши очилиб, тергов олиб борилаётгани айтилмоқда. Дастлабки маълумотларга кўра, дарахт кесиш жараёнига Хумсондаги ўрмончилик катта инспектори Анвар Иномбобоев бевосита раҳбарлик қилган.
“Хизмат бурчига кўра республика ўрмон фондини асраш ва кўпайтириш учун жон куйдириши керак бўлган одам бу дарахтларни “қуриган” деб расмийлаштириб, уларни йўқ қилишга изн берган”, деб ёзган экофаол.
Оқтошда кўп йиллик дарахтлар кесиб ташланганини Тошкент вилояти Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси ҳам тасдиқлаган.
“Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги назорат бўйича Бўстонлиқ тумани инспекцияси ходимлари томонидан олиб борилган ўрганиш ишлари давомида ҳудудда ўсиш ҳолатида бўлган жами 56 туп, шундан 53 туп шумтол, 2 туп бақатерак, 1 туп қизил дўлана дарахтлари ноқонуний равишда кесилганлиги аниқланди. Ҳолат юзасидан холис гувоҳлар иштирокида белгиланган тартибда далолатнома расмийлаштирилди. Номаълум шахcларнинг ғайриқонуний ҳатти-ҳарракатлари натижасида ўсимлик дунёсига 288 млн 792 минг сўм миқдорда зарар етказилган”, дейилган бошқарма хабарномасида ҳолат юзасидан расмийлаштирилган ҳужжатлар қонуний баҳо бериш учун прокуратура органларига тақдим этилгани урғуланган.
Озодлик октябрь ойида Сирдарё вилоятининг Боёвут туманида ҳоким буйруғи билан 800 дан зиёд, сентябрь ойида эса Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманидаги “Амирсой” курортида 700 тупга яқин ноёб дарахт кесиб ташлангани ҳақида хабар қилган эди.
Шу йилнинг 24 август куни ўтказилган видеоселекторда президент Мирзиёев дарахтларни кесишга мораторий 2024 йилга қадар узайтирилгани ҳақида билдирган. 2 ноябрь куни эса Мирзиёев ҳукумат мажлисида “Яшил макон” лойиҳаси доирасида мамлакатда йилига 200 миллион туп дарахт ва бута кўчатларини экишни буюриб, дарахт экиш бўйича “долзарб 40 кунлик” ҳам эълон қилган эди.