Экология вазирлиги Шаҳрам Ғиёсовнинг айиқ билан “cпарринг”ини ўрганмоқда

Айиқ билан олишаётган боксчи Шаҳрам Ғиёсов (видеодан скриншот)

Ўзбекистон Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ижтимоий тармоқларда тарқалган боксчи Шаҳрам Ғиёсов айиқ билан кураш тушаётгани акс этган видео юзасидан муносабат билдирди.

Айни дамда Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги томонидан ҳолат ўрганилмоқда. Ўрганиш натижаларига кўра батафсил маълумот берилади ва ҳуқуқбузарларга нисбатан қонуний тартибда чора кўрилади”, дейилган баёнотда.

Экология вазирлиги ҳайвонларга нисбатан ҳар қандай шафқатсиз муносабат қораланиши ва бундай ҳаракатлар қонунга кўра жавобгарликка сабаб бўлишини урғулаган.

Бир неча кун аввал ижтимоий тармоқларда тарқалган видеода бокс бўйича жаҳон чемпиони ва Олимпиада кумуш медали совриндори Шаҳрам Ғиёсов спорт залида тумшуғбоғдаги айиқ билан жанг қилиб, жониворни бир неча бор чалқанчасига йиқитганини кўриш мумкин. “Спарринг” давомида бошқа бир киши айиқни жиловда ушлаб турган.

Ижтимоий тармоқларда спортчининг бу ҳаракатлари кескин қораланди.

“Меҳр ва оқибат” ҳайвонларни ҳимоя қилиш жамияти ҳолат юзасидан Ички ишлар ва Экология вазирликларига мурожаат қилди.

Айиқ билан “спарринг” бўлиб ўтган Buka Gym спорт зали эгаси ҳодиса юзасидан узр сўраб чиқди.

Биз ушбу видео ортидан ҳайратга тушган барча ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларидан узр сўраймиз. Биз ҳайвонларни яхши кўрамиз ва доимо уларни ҳимоя қиламиз”, дея иқтибос келтирган Gazeta.uz нашри Buka Gym компанияси вакилидан.

Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасининг “Ёввойи ҳайвонларни сақлаш тартибини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига кўра, 2025 йил 1 январидан эътиборан жисмоний шахслар томонидан ярим эркин шароитларда, сунъий яратилган яшаш муҳитида ёки тутқунликда сақланиши тақиқланган ёввойи ҳайвонлар рўйхати тасдиқланган. Бу рўйхатга айиқ ҳам киритилган.

Ҳукумат ҳужжатига мувофиқ, бошқа ҳайвонлар қатори айиқларни ҳам давлат ва мобил циркларида (шапитолар) сақлаш ҳамда улардан цирк томошаларини ўтказиш мақсадларида фойдаланиш ман этилади.