Ўзбекистон ва Россия шу кунда атом электр станцияси қурилиши бўйича бош шартномани тайёрлаяпти. Бу ҳақда Россиянинг Ўзбекистондаги элчиси Олег Мальгинов 28 декабрь куни Тошкентда ўтказилган матбуот анжумани чоғида билдирган.
“Икки томонлама ҳамкорликнинг асосий йўналиши, шубҳасиз, атом энергетикасига оид ҳамкорлик ҳамда Ўзбекистонда Россия дизайни бўйича ВВЭР-1200 реакторли икки блокдан иборат АЭС қурилиши бўлиши мумкин”, дея иқтибос келтирган Россия элчиси сўзларидан Podrobno.uz нашри.
Элчи иддаосича, Ўзбекистонда тугаб бораётган йилда кузатилган электр таъминотидаги муаммолар икки мамлакат лидерлари томонидан 2018 йили Тошкентда қабул қилинган қарор нақадар тўғри бўлганини кўрсатган.
“Бугунги кунда “Росатом” давлат корпорацияси ва “Ўзатом” агентлиги АЭС қурилишининг бош шартномаси устида ишлаяпти – бу катта ва кўп жиҳатли ишдир. Майдончада муҳандислик тадқиқотлари ниҳоясига етган, лойиҳанинг энг мақбул техник конфигурацияси белгиланган”, деган россиялик дипломат.
Элчи Мальгинов АЭС қуриб битказилган тақдирда мамлакатда йилига 3 млрд куб метр газни тежаш мумкин бўлишини иддао қилган.
Ўзбекистонда АЭС қуриш бўйича ҳамкорлик тўғрисида келишув Тошкент ва Москва расмийлари томонидан 2018 йил сентябрида имзолаган бўлиб, унга кўра, “Росатом” ВВЭР-1200 реактор қурилмасига эга “3+” авлоддаги иккита энергоблокдан иборат мажмуа қуриши айтилган. Станция Ўзбекистон бюджет маблағи ва Россия давлат кредити ҳисобидан қурилиши режалаштирилган.
Энергетика вазирлиги АЭС блоклари 2030 йилда электр энергиясига бўлган эҳтиёжнинг 15-18 фоизини қоплашига ваъда берган. Йирик иншоот қурилиши учун мақбул жой сифатида Жиззах вилояти Тузкон кўли яқинидаги майдон танланган.
АЭС қурилиши борасида хабарлар пайдо бўлган илк кезларданоқ жамоатчилик ва ижтимоий фаоллар лойиҳанинг нечоғли экологик хавфсиз ва сейсмик бардошли эканини муҳокама қила бошлашган. Станция қурилишида ҳамкор ўлароқ Россия танлангани ҳам қатор эътирозли саволлар туғдирган.
2019 йил октябрь ойида “Росатом” бош директори Алексей Лихачев корпорация йил охиригача Ўзбекистонда АЭС қуриш бўйича асосий шартнома имзоланишини айтган, аммо бу ҳужжат қачон имзоланиши ҳақида ҳалигача бирор расмий маълумот берилган эмас.
Шу йилнинг июнь ойида энергетика вазири ўринбосари Шерзод Хўжаев Ўзбекистон Россиянинг “Росатом” корпорацияси билан АЭС қуриш харажатларини мақбуллаштириш бўйича музокара олиб бораётганини билдирган. Ўшанда мулозим Россия томонидан таклиф этилаётган лойиҳа қиймати юқори эканига эътибор қаратганди.
Бу орада Россия бош вазири Михаил Мишустин икки мамлакат ҳукумат раҳбарлари даражасидаги қўшма комиссиянинг 2 декабрь куни Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтган мажлисида ўз мамлакати Ўзбекистон билан атом энергетикаси бўйича ҳамкорликни мустаҳкамлаш муҳим деб ҳисоблашини, АЭС қурилиши бўйича “эришилган барча келишувларнинг амалга оширилишини тезлаштириш зарур”лигини урғулаган эди.
Таҳлилчилар Москва Ўзбекистонга АЭС қурилишини тезлаштириш борасида босим ўтказаётганини тахмин қилмоқдалар. Шу билан бирга, экспертлар Ғарб санкциялари остидаги Россия билан яқин савдо-иқтисодий алоқалар ўрнатиш Ўзбекистон учун қўшимча санкциялар хавфини келтириб чиқариши мумкинлиги юзасидан ҳам ўз хавотирлари билан ўртоқлашганлар.