Элчи Хеник: Афғонистондан келган учоқлар Ўзбекистонда қолади

2021 йил август ойида Афғонистонни тарк этган учувчиларнинг айримлари Ўзбекистонга UH-60 Black Hawk вертолётларида учиб келишган

АҚШ ва Ўзбекистон расмийлари “Толибон” ҳаракати 2021 йил августида Кобулни эгаллаганидан кейин Афғонистондан Ўзбекистон ҳудудига учиб ўтган ҳарбий учоқ ва вертолётларнинг кейинги тақдири бўйича келишувга эришган. Бу ҳақда Kun.uz нашри АҚШнинг Тошкентдаги элчиси Жонатан Хеник сўзларига таянган ҳолда хабар қилди.

Америкалик дипломат нашрнинг “Авиатехника жиҳозлари Ўзбекистонда қоладими?” деган саволи “Ҳарбий техникалар Ўзбекистонда бўлади. Ҳа, бу аллақачон расмий”, дея жавоб берган.

Элчига кўра, томонлар бу борада аллақачон қўшма дастурни амалга оширишни бошлаган.

“Ушбу техникалар ҳеч қачон афғонларники бўлмаган, улар америкаликларники эди. Афғон армияси ундан фойдаланди, аммо уларнинг эгаси доим биз бўлганмиз”, дея иқтибос келтирган Kun.uz элчи Хеник сўзларидан.

Афғон матбуоти маълумотига кўра, “Толибон” ҳаракати ҳокимият тепасига келган 2021 йил августигача Афғонистонда 164 та жанговар учоқ бўлган, ҳозирда улар сони 81 та. Бундан уч йил муқаддам афғонистонлик учувчилар учоқ ва вертолётларнинг бир қисмини Ўзбекистон ва Тожикистонга олиб ўтишга муваффақ бўлган.

Ўша пайтда бортида 585 нафар афғонистонлик ҳарбий хизматчи бўлган 22 та ҳарбий учоқ ва 24 та вертолёт (Embraer EMB 314 Super Tucano, UH-60 Black Hawk, MD-530, PC-12 va Mi-17) Ўзбекистон ҳаво ҳудудини кесиб ўтган.

“Толибон” вакиллари мазкур учоқ ва вертолётлар Афғонистон мулки экани ва улар қайтарилиши лозимлиги ҳақида бир неча бор баёнот берган. Бунга жавобан расмий Тошкент учоқ ва вертолётлар АҚШ мулки экани, уларни қайтариб бўлмаслигини билдириб келаётган эди. Ўзбек расмийларининг бу баёнотини кейинроқ америкалик мутасаддилар ҳам тасдиқлашган.