Афғонистон Украинадаги уруш туфайли Ўзбекистонга электр энергиясидан қарзини тўлай олмаётганини билдирди

Афғонистон Энергетика ва сув заҳиралари вазирлиги мамлакат Ўзбекистон ва Тожикистондан сотиб олинаётган электр энергияси учун камида 100 миллион доллар қарз бўлиб қолганини билдирди.

TOLOnews нашри хабар беришича, вазирлик расмий вакили Ахтар Муҳаммад Нусрат бунга Украинадаги уруш туфайли Марказий Осиё банкларига пул ўтказишда муаммолар юзага келгани билан изоҳлади.

“Ўзбекистоннинг ўз муаммолари бор, биз тўламоқчимиз, лекин муаммо банкларда”,- деди Ахтар Муҳаммад Нусрат Афғонистон қарзини тўлашга ҳаракат қилаётганини урғулаган ҳолда.

Афғонистон энергетика ширкати – DABSнинг собиқ раҳбари Омонулло Ғолиб эса мамлакат ҳар йили электр учун Марказий Осиё давлатларига 300 миллион доллар ҳақ тўлашини айтди:

“Афғонистон Ўзбекистондан электрнинг асосий қисмини сотиб олади. Бу йилига 108 миллион долларни ташкил қилади. Айни пайтда ҳақни тўлашда муаммолар юзага келмоқда”.

Омонулло Ғолибга кўра, Украинадаги уруш туфайли банкларнинг ўзаро ҳисоб-китоб қилишлари мураккаблашган.

“Газета.uz” нашрининг ёзишича, Ўзбекистон Энергетика вазирлиги матбуот хизмати Афғонистон 2021 йилдаги электр энергияси бўйича қарзини тўлиқ тўлаб бўлганини билдирган.

Аввалроқ Озодлик Ўзбекистон билан Афғонистон 2022 йилда электр энергияси етказиб бериш бўйича 100 миллион долларлик шартнома имзолагани ҳақида хабар қилган эди.

Жорий йилнинг 12 январь куни Афғонистон миллий электр энергияси ширкати (DABS) Ўзбекистон Афғонистонга экспорт қилинаётган электр энергияси ҳажмини 60 фоизга қисқартиргани ҳақида маълумот тарқатган эди. Ўзбекистон томони бу ҳолатни Толимаржон электр станциясида юзага келган техник муаммолар билан изоҳлаган. Мазкур баёнотнинг эртасига Ўзбекистон Афғонистонга электр энергияси экспортини қайта тиклаган.