Афғонистонда Толибон шакллантирган ҳукумат мулозимлари мамлакатга электр энергияси етказиб берилишини қайта тиклаган Ўзбекистонга миннатдорлик изҳор этди.
Бу каби ташаккурномаларни Толибон ҳукуматидаги ахборот вазири ўринбосари Забиҳуллоҳ Мужоҳид ва ТИВ вакили Билол Каримий Twitter микроблогидаги ўз саҳифалари орқали ёйинлаганлар.
Афғонистоннинг электр энергияси муаммосини ҳал қилгани учун Ўзбекистон раҳбариятига миннатдорлик билдирилган мазкур постларда Толибон ҳукумати барча қўшнилар билан яхши алоқада бўлиш тарафдори экани урғуланган.
“Ўзбекистон биз учун биродар ва тўла ишончга лойиқ мамлакат бўлиб ҳисобланади. Мамлакатларимиз орасидаги мавжуд барча масалалар дўстлик ва яхши қўшничилик руҳида ҳал этилади”, дейилган ташаккурномада.
Жорий йилнинг 12 январь куни Афғонистон миллий электр энергияси ширкати (DABS) Ўзбекистон Афғонистонга экспорт қилинаётган электр энергияси ҳажмини 60 фоизга қисқартиргани ҳақида маълумот тарқатган эди. Ўзбекистон томони бу ҳолатни Толимаржон электр станциясида юзага келган техник муаммолар билан изоҳлаган. Мазкур баёнотнинг эртасига Ўзбекистон Афғонистонга электр энергияси экспортини қайта тиклаган.
Аввалроқ Озодлик Ўзбекистон билан Афғонистон 2022 йилда электр энергияси етказиб бериш бўйича 100 миллион долларлик шартнома имзолагани ҳақида хабар қилган эди.