Ўзбекистонда яна бир ИЭС ишга туширилди. Электр таъминотидаги узилишлар эса давом этмоқда

Ховосда қурилган янги ИЭС. Энергетика вазирлиги матбуот хизмати фотосурати.

Энергетика вазирлигининг билдиришича, 20 ноябрь куни Сирдарё вилоятининг Ховос туманида Туркиянинг Cengiz Enerji компанияси томонидан қурилган янги ИЭС иш бошлади. Янги ИЭС йилига 1,7 млрд кВт/соат энергия ишлаб чиқариш мумкин. Вазирлик ИЭС 20 ноябрдан электр тармоқларига энергия етказиб беришни бошлаганини алоҳида таъкидлаган.

Дастлаб 25 октябрда ишга туширилиши режалаштирилган Ховос ИЭСининг деярли бир ой кечиктирилиб фаолият бошлаганига Энергетика вазирлиги тушунтириш бермади. Мазкур ИЭС қурилишига 2022 йилнинг 29 март куни Ўзбекистон ва Туркия президентлари томонидан старт берилганди.

Ўзбекистон ҳукумати бундан аввал ҳам энергетика соҳасида қатор лойиҳалар амалга оширилганини ва аҳолини электр энергияси билан таъминлаш яхшиланишини айтиб келган.

Масалан, октябрнинг бошларида Энергетика вазирлиги куз-қиш масумида истеъмолчиларга 34 миллиард 918 миллион киловатт-соат электр энергияси етказиб берилиши тўғрисида баёнот берган эди. Энергетика вазирлигининг билдиришича, бу ўтган йилнинг мос даврига солиштирганда 2 миллиард 540 миллион киловатт-соатга кўпдир.

Мавзуга алоқадор Энергетика вазирлиги қишда аҳолига ўтган йилгидан кўпроқ электр беришни ваъда қилмоқда


Бундан ташқари, сўнгги бир ҳафта ичида расмий Тошкент Испания ва Япония инвестиция лойиҳаси доирасида Талимаржон ИЭСда 2025 йил якунига қадар умумий қуввати 900 МВтдан кам бўлмаган иккита буғ-газ қозонини қуриб бериши ва Ховос ИЭСининг ишга тушурилиши тўғрисида хабар берди. Бироқ Ўзбекистонда электр энергияси етишмовчилиги давом этмоқда.

Расмийларнинг билдиришларича, Ўзбекистонда электр энергиясининг 90 фоизи иссиқлик электр станцияларида ишлаб чиқилади. Бунинг учун газ ва кўмир ишлатилади. Энергетика вазирлиги ва унинг тузилмалари ИЭСлар учун қиш мавсумида газ билан етарли даражада таъминланмагани учун инқироз юз бераётганини тан олган.

Мавзуга алоқадор Расман: Газ заправкалари иши чекланиши ва чироқ ўчишига “совуқ айбдор”


Ўтган ҳафтада АОКАда ўтган матбуот анжуманида энергетика вазири ўринбосари Шерзод Хўжаев Ўзбекистоннинг электр энергиясига бўлган кунлик эҳтиёжи 245 млн кВт/соатга тенглигини, аммо бугунги кунда суткасига фақат 230 млн кВт/соат электр энергияси ишлаб чиқариш захираси мавжудлигини айтган эди. Ўзбекистонга кунига 15 млн кВт/соат электр қуввати етишмайди.

Шундан келиб чиққан ҳолда, куз-қиш мавсумида Ўзбекистонда аҳолини электр ва газ билан таъминлаш муаммолигича қолмоқда.

Аҳолини электр билан таъминлаш оғирлашгани оқибатида пойтахт Тошкентда 16 ноябрдан бошлаб кўча ёриткичларининг электр истеъмоли чекланади.

Энергетика вазирлиги ҳузуридаги Миллий диспетчерлик маркази (МДМ) Ўзбекистонда 9 ноябрдан бошлаб иссиқлик электр станцияларида ёғилғи таъминоти билан боғлиқ оғир ҳолат вужудга келгани тўғрисида маълум қилган эди. Бунинг ортидан МДМ электр энергияси балансини таъминлаш ва энергетика тизимида блэкаут юзага келишининг олдини олиш мақсадида махсус жадвалга асосан юқори кучланишли тармоқларни ўчирган.

“Ўзтрансгаз” 9 ноябрдан об-ҳавонинг совиб кетиши ортидан аҳоли ва стратегик аҳамиятга эга корхоналарни газ билан узлуксиз таъминлаш мақсадида автомобилларга газ тўлдириш шохобчалари иши вақтинчалик чекланиши ҳақида билдирган эди. Ҳудди шу куни Энергетика вазирлиги ҳам совуқ тушиши ортидан Фарғона водийсида электр таъминотида “қисқа муддатли узилишлар” юзага келаётганини билдирди.

Шавкат Мирзиёев 2016 йил декабридаги президент сайловлари арафасида аҳолининг электр ва газ муаммосини ҳал қилишга ваъда берган эди. Аммо ўтган вақт мобайнида, айниқса, куз-қиш мавсумида аҳолининг электр ва газ муаммоси долзарблигича қолмоқда.