Ўзбекистонда 9 ноябрдан бошлаб иссиқлик электр станцияларида ёғилғи таъминоти билан боғлиқ оғир ҳолат вужудга келди. Бу ҳақда Энергетика вазирлиги ҳузуридаги Миллий диспетчерлик маркази (МДМ) директори Музаффар Бобоевнинг ҳудудий электр тармоқлари корхоналари раҳбарлари, "Ҳудудий электр тармоқлари" компанияси бошқарув раиси, Энергетика вазирлиги ҳамда "Ўзэнергоинспекция"га юборган хатида маълум қилинди.
Хатда таъкидланишича, иссиқлик электр станцияларига 12 ноябрь куни келишилган жадвалга нисбатан соатига 350 минг куб метр кам газ етказиб берилган. Жумладан, Тошкент ИЭСга 50 минг куб метр газ етказиб берилган. Бунинг оқибатида авария ҳолатининг олдини олиш учун 1-сон буғ-газ қурилмаси ва икки энергоблок тўхтатилган. “Станцияда умумий электр энергияси ишлаб чиқарилиши мазут ёқилғиси ёқиш ҳисобига 500 МВт гача (белгиланган режадан 600 МВт кам) тушиб кетди”, дейилади расмий мактубда.
Шундан келиб чиққан ҳолда МДМ электр энергияси балансини таъминлаш ва энергетика тизимида блэкаут юзага келишининг олдини олиш мақсадида махсус жадвалга асосан юқори кучланишли тармоқларни ўчирган. Бу чора электр энергияси истеъмоли камайтириш имконини берган.
“МДМинг минтақавий ва ҳудудий бўлинмалари томонидан электр талаб қилинган қийматларга тушириш бўйича берилган топшириқларни бажармаслик Марказий Осиё ягона электр энергетикаси тизимида Ўзбекистон энерготизимининг айби билан йирик оқибатли аварияларга сабаб бўлиши мумкин”, — дейилади МДМ хатида.
Жорий йилнинг 25 январь куни Ўзбекистон, Қирғизистон ва Қозоғистоннинг кўплаб ҳудудлари электр энергияси таъминотидан узилилиб қолган ва блэкаут ҳолати юзага келган эди. Блэкаут сабабларини ўрганган давлатлараро комиссия март ойида блэкаут Ўзбекистон энерготизимидаги узилиш оқибатида юз берганини билдирганди.
Минтақанинг ягона энергетика халқасига уланган Қозоғистон ва Қирғизистон бир неча соат ичида электр таъминотини қайта тиклади, Ўзбекистон эса энергия таъминотини бир неча кундан сўнг тиклашга муваффақ бўлган.
“Ўзтрансгаз” 9 ноябрдан об-ҳавонинг совиб кетиши ортидан аҳоли ва стратегик аҳамиятга эга корхоналарни газ билан узлукусиз таъминлаш мақсадида автомобилларга газ тўлдириш шохобчалари иши вақтинчалик чекланиши ҳақида билдирган эди. Ҳудди шу куни Энергетика вазирлиги ҳам совуқ тушиши ортидан Фарғона водийсида электр таъминотида “қисқа муддатли узилишлар” юзага келаётганини билдирди.
Вазирликнинг маълум қилишича, ҳавонинг “кескин совиб кетиши натижасида” магистрал газ қувурларида табиий газ босими пасайган. Бунинг оқибатида Тўрақўрғон иссиқлик электр станциясига белгиланган ҳажмлардан кам миқдорда табиий газ етиб бормоқда. Бу эса, ўз навбатида, мазкур станция томонидан электр энергия ишлаб чиқариш ҳажмининг пасайишига олиб келмоқда.
Шавкат Мирзиёев 2016 йил декабридаги президент сайловлари арафасида аҳолининг электр ва газ муаммосини ҳал қилишга ваъда берган эди. Аммо ўтган вақт мобайнида, айниқса, куз-қиш мавсумида аҳолининг электр ва газ муаммоси долзарблигича қолмоқда.