Қашқадарё вилояти Яккабоғ туманида блогер Элмурод Одилов 27 май куни Маъмурий жавобгарлик кодексининг 183-моддаси (майда безорилик) ва 198-моддаси (ҳокимият вакилининг қонуний талабларини бажармаслик ёки хизмат вазифаларини бажаришига тўсқинлик қилиш) 1-қисми билан 15 суткага қамалди. Бу ҳақда Олий суд маълум қилди.
Вилоят Ички ишлар бошқармасининг иддао қилишича, Элмурод Одилов 26 май куни тахминан соат 22:30 атрофида Яккабоғ тумани “Ибн Сино” маҳалласидаги пилла омборхонасига келиб, “фермерлар ишига аралашган ва уларни ҳақорат қилган”. Фермерлар блогер устидан Яккабоғ туман ички ишлар бўлимига арз қилган.
“Daryo” нашри эса 27 майда Одилов пилла пунктида Ички ишлар ходимлари томонидан “аёвсиз калтаклангани” тўғрисида ёзган эди.
Нашр манбаларининг билдиришича, блогер Яккабоғ тумани ҳокими ўринбосари Фозил Хидиров пилла омборхонасида ўтказаётган йиғилишни ёритишга уринган.
Мазкур йиғилишда Хидиров ёшлар етакчиларига бир ойлик ҳарбий хизматга шартнома пулини тўлаган ҳолда бир кишини жалб қилишга буйруқ берган. Бу ишни амалга оширмаганлар ишдан бўшатилишини айтган.
Ички ишлар вазирлиги матбуот котиби Шоҳрух Ғиёсов эса Элмурод Одиловнинг қамалишини шарҳлар экан: “Бировнинг пулини олиб, жамоатчилик назоратини суиистеъмол қилган ва жанжал эвазига мавҳум манфаатларга эришмоқчи бўлган блогер суд қарори билан шу тарзда жазоланган”, деб муносабат билдирди.