Эмомали Раҳмон толиблар Афғонистондаги этник гуруҳларни камситаётганини иддао қилди

Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон

Толибон ҳаракати раҳбарияти турли этник гуруҳларни камситиш ва қаттиққўл диний консерватизмга асосланган агрессив сиёсат юритмоқда, дея баёнот берди Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон 21 июль куни Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг Чўлпонотадаги Маслаҳат учрашувида.

Эмомали Раҳмон ўтган вақт мобайнида Толибон жаҳон ҳамжамияти ва Афғонистон аҳолисини ўз ҳокимияти легитимлигига ишонтириш, мамлакатда вазиятни назорат қилиш ва фуқаролар хавфсизлигини сақлаш, ижтимоий-иқтисодий масалаларни ҳал этиш чораларини кўрмаганини урғулаган.

“Аксинча, қайта-қайта ваъда берганига қарамай, Толибон раҳбарияти барча сиёсий ва этник кучларни ўз ичига олган ҳукумат тузишга ҳар томонлама қаршилик қилиб келяпти”, деган Тожикистон президенти.

Тожикистон Афғонистонда барча этник гуруҳлар, жумладан, афғонистонлик тожиклар иштирокида инклюзив ҳукумат тузилиши тарафдори саналади.

Эмомали Раҳмон Толибонни мамлакатда янги тақиқ ва чекловлар жорий этиб, қаттиққўл диний консерватизм сиёсатини юритаётгани учун ҳам танқид қилган.

Тожикистон президентига кўра, Афғонистонда юз бераётган воқеалар нафақат Марказий Осиёга салбий таъсир этиши, балки “бутун Евросиё қитъасида геосиёсий мувозанат ва кучлар ўзгаришига олиб келиши мумкин”.

Сўнгги тўрт ой давомида Афғонистондан Тожикистон ва Ўзбекистон ҳудудларига бир неча марта ракета отилган.