Ўзбекистон энергетика тизими 1 декабрдан 24 соатлик иш тартибига ўтиши ҳақида президент Шавкат Мирзиёевнинг 22 ноябрь куни “Ўзбекнефтгаз”га қилган ташрифи чоғида маълум қилинди. Президент матбуот хизматининг маълум қилишича, Мирзиёев бу ерда “энергетика тизимининг қиш мавсумига тайёргарлиги билан яқиндан танишди”.
Расмий хабарда билдирилишича, йил бошида келган аномал совуқдан хулоса чиқарилган ва тизим салоҳияти оширилган.
– Бу йил энергетика тизимини яхшилашга барча манбалардан 14,5 триллион сўм бердик. Қандай хомашё, буюм, техника керак бўлса, олиб берилди. Энди соҳа раҳбарлари масъулиятни тўлиқ зиммасига олиб, аниқ режа қилиши ва энергия етказиб беришни кафолатли таъминлаши зарур, – деди Шавкат Мирзиёев.
Президент матбуот хизмати жорий йилнинг ўтган даврида 675 мегаваттли электр қувватлари ишга туширилгани, 100 та подстанция, 11,5 мингта трансформатор ва 34 минг километр тармоқлар янгилангани ҳақида маълум қилди.
Расмий хабарга ишонилса, “табиий газ билан барқарор таъминлаш мақсадида қўшимча 5 миллиард куб метр кафолатли газ манбалари ҳал қилинди. Ерости омборларида етарлича газ захираси жамланди”.
Шу билан бир қаторда Озодликнинг мустақил манбалари ҳали куз-қиш мавсуми бошланмай турибоқ Ўзбекистон энергетик тизимида узилишлар бошлангани тўғрисида ўз хавотирларини билдирган эдилар. Бу маълумотлар Озодликнинг ZIMISTON-UZ лойиҳасига жамланган.
Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди