Марказий Осиёда электр таъминоти узилгани ҳолатини ҳукуматлараро комиссия ўрганади

Марказий Осиё ягона электр тизимида 25 январь куни юз берган авария тизимга кирган давлатлар ҳукуматлари ташкил этган халқаро комиссия томонидан ўрганилади. Бу ҳақда Қирғизистон энергетика вазири Досқул Бекмурзаев маълум қилди.

Унга кўра, Ўзбекистон, Қирғизистон ва Қозоғистон ҳукуматлари бу борада маслаҳатлашган ва ишчи гуруҳ ташкил қилинган.

Марказий Осиё ягона электр тизимида Тошкент вақти билан соат 11 ларда узилиш юз бериб, Ўзбекистон, Қирғизистон ва Қозоғистонда электр энергияси бўҳрони юзага келган эди.

Орадан икки ярим соат ўтгач, Қирғизистон Марказий Осиё ягона электр тармоғидан чиқиб, ўз ҳудудига электр қуввати бера бошлади.

Ўзбекистон ҳукумати эса тармоқдаги узилиш туфайли мамлакатдаги ИЭслар ва ГЭСлар, газ ва нефть қазиб олиш ҳамда қайта ишлаш саноати, пойтахт Тошкентни электр, иссиқлик, сув ва транспорт билан таъминлаш тизими ишда чиққанини билдирган.