Энергетика вазири яна “узлуксиз таъминот”дан баҳс этди

Ўзбекистон энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов

Ўзбекистонда ҳарорат -10, -20 даражагача пасайган тақдирда ҳам аҳоли ва иқтисодиётни энергия билан таъминлаш бўйича ҳаракатлар режаси ҳозирланган, деб маълум қилди энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов.

“Ўзбекистон 24” телеканалига берган интервьюсида мулозим мамлакат президенти мутасаддиларга чекловларсиз, узлуксиз электр таъминотини таъминлаш бўйича топшириқ берганини урғулаган.

2024 йилнинг ноябрь ойи ўтган ноябрга нисбатан салқинроқ бўлиб, қор ёғиб, ҳарорат -3 даражагача, айрим ҳудудларда -8 даражагача пасайган. Бу табиий газ ва электр энергияси истеъмолини кескин оширди. Ушбу [истеъмол] режимларини таъминлаш учун зарур захира ресурслари жалб қилинди. Газ омборларида етарли ҳажмда газ тўпланиши ҳисобига газ билан таъминланди. Аҳоли учун ҳам, иқтисодиёт тармоқлари учун ҳам узлуксиз етказиб бериш таъминланди”, деган Мирзамаҳмудов.

Энергетика вазири ҳудудларда ҳам электр энергияси, ҳам газ таъминотида узилишлар бўлаётгани ҳақидаги мурожаатларга муносабат билдирмаган.

Унга кўра, куз-қиш мавсумида истеъмолчиларга 21 миллиард куб метр газ етказиб бериш режалаштирилган. Кескин совиш ҳолатида ҳаракат режаси ва ижтимоий муассасаларни узлуксиз энергия билан таъминлаш чоралари ишлаб чиқилган.

Бу масалалар бўйича ҳам масъулият, ҳам мажбуриятлар белгиланган”, дея ишонтирган Жўрабек Мирзамаҳмудов.

Энергетика вазири аввалроқ “Газли” ва “Хўжаобод” ерости газ омборларида қиш мавсуми учун 5,1 миллиард куб метрдан ортиқ газ жамлангани, захира ўтган йилга нисбатан 1,1 миллиард куб метрга кўп эканини маълум қилганди.

Қиш мавсумида электр энергияси ва газ узилиши одатий ҳолга айланган шароитда аҳоли энергетика раҳбариятининг “узлуксиз таъминот” ҳақидаги ваъдаларига шубҳа билан қарайди.